Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари оғир жиноятлар содир этган халқаро қидирувдаги икки нафар гумонланувчини экстрадиция қилиш тартибини амалга оширди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон, Украина, Польша ва Туркия Миллий марказий бюролари ходимларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси вакилларининг ёрдами билан оғир жиноятлар содир этган икки нафар гумонланувчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Қидирувдагилардан бири гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланган бўлиб, узоқ вақт давомида чет элда яшириниб келган ва тезкор тадбирлар натижасида украиналик ходимлар томонидан ҳибсга олинган.


Яна бири эса Ўзбекистонда интернетда яратилган молиявий пирамидага 2 млн доллар миқдорида сармоя киритган икки мингдан ортиқ фуқарони алдаган. У ҳам хорижий давлат ҳудудида ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимоснома тасдиқлангандан сўнг, Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида гумонланувчилар Ўзбекистонга олиб келинди.