12 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси кўпчиликнинг овози билан «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги: БМТ Низоми тамойилларига ҳурмат» резолюциясини қабул қилди, унда Россиянинг Украинанинг тўртта ҳудудини аннекция қилишини қоралади, деб хабар бермоқда БМТ ахборот хизмати.

Резолюцияни рекорд даражада — 143 та давлат қўллаб-қувватлади. 5 та давлат — Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши овоз берди. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон, Ҳиндистон, Хитой ва Покистон каби 35 та давлат бетараф қолган.

Резолюция Украина бўйича 11-фавқулодда махсус сессияда қабул қилинганди. Душанба куни у қайта тикланди. Йиғилишда 80 га яқин маърузачи сўзга чиқди. Навбатдан ташқари сессиянинг биринчи йиғилиши 28 февраль куни бўлиб ўтганди. Махсус сессияларни ўтказиш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан бирортасининг вето қўйиш ҳуқуқини четлаб ўтишга имкон беради, айни вазиятда — Россия Хавфсизлик Кенгашида Украина ҳудудида унинг ҳаракатларини қораловчи резолюцияни блоклаганди.

«Бош Ассамблея Россия Федерацияси томонидан Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудларда ноқонуний референдумлар ташкил этилишини ҳамда Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларини ноқонуний аннекция қилишга уринишларни қоралайди», дейилади резолюцияда.

Унинг ҳаммуаллифлари Россиянинг 23−27 сентябрь кунлари Украинанинг тўртта вилоятида ўтказилган ноқонуний референдумлар бўйича «ноқонуний ҳаракатлари» ва кейинчалик ушбу ҳудудларни ноқонуний равишда қўшиб олишга уринишлари юридик кучга эга эмаслиги ва Украинанинг ушбу минтақаларининг қонунини ўзгартириш учун асос эмаслигини таъкидлади.

Резолюцияда барча давлатлар, халқаро ташкилотлар ва БМТнинг ихтисослашган идоралари Россия томонидан Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларининг бирортаси ёки барчаси мақоми ўзгартирилишини тан олмасликка чақирилади. Ҳужжат муаллифлари ҳар қандай ўзгартирилган мақомни тан олиш сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган ҳаракат ёки қадамлардан тийилишни қатъий талаб қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Москвадан Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларининг айрим ҳудудларининг мақоми тўғрисидаги 21 февраль ва 29 сентябрдаги Ташкилот Низоми тамойилларига зид келадиган қарорларини «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузгани учун» дарҳол, ва сўзсиз бекор қилишни талаб қилди. Ассамблея Россиянинг барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралари доирасида «зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз» олиб чиқиб кетишни сўради.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сентябрь ойи охирида Украинанинг Россия назорати остидаги ҳудудларида референдумлар ўтказилгандан сўнг, мамлакат бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқлигини маълум қилганди.