Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайганлиги муносабати билан ахборот берди.

«Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, ТИВ Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори эканлигини билдирди.

Вазирлик Ўзбекистон ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайишига ҳам изоҳ берди.

«Уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ТИВнинг қайд этишича, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг Россия назоратига ўтган ҳудудларида 23−27 сентябрь кунлари ўтказилган референдумларда аҳоли Россияга қўшилиш учун овоз берганди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеалар Украинанинг маъмурий-ҳудудий тузилиши ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралари учун ҳеч қандай оқибатларга олиб келмаслигини билдирганди.

«Ушбу ҳудудларда одамларни қурол билан баъзи қоғозларни тўлдиришга мажбурлаш Россиянинг Украинага бўлган тажовузкорлигидаги навбатдаги жиноятидир. Бундай ҳаракатлар Украина конституцияси ва қонунларини, шунингдек, Россиянинг халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро мажбуриятларини қўпол равишда бузади», — дейилади Украина ТИВ баёнотида.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ҳолатга: «Украинанинг Донетск, Луганск, Херсон ва Запороже вилоятларини аннекция қилиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга бўлмайди ва қоралашга лойиқдир», — дея изоҳ берганди.

Айни пайтда Россия 30 сентябр куни Кремлда Россия Федерацияси таркибига янги ҳудудларни киритиш бўйича келишувларни имзолаш маросимини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Президент Владимир Путиннинг «катта нутқи» ҳам кутилмоқда.

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, ҳарбий ёшдаги эркаклар ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни истамай, мамлакатни тарк эта бошлади. Россияликлар борган асосий мамлакатлар Қозоғистон (расмий маълумотларга кўра, 21 сентябрдан бери улардан 98 минг киши кирган), Грузия (53 мингдан ортиқ) ва Финляндия (55 мингдан ортиқ) ҳисобланади.