Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифасини қўйди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича «долзарб 40 кунлик»ни эълон қилди.

«Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим», — деди президент.

Вилоят ҳокимларига куз мавсумида кам таъминланган 500 минг хонадонга 10 тупдан мевали дарахтлар кўчатини бепул тарқатиш топширилди.

Апрель ойида Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» дастури ижроси аҳволи қониқтирмаслигини айтиб, «айрим ҳудудларда ишлар номигагина ташкил этилаётгани, кўзбўямачилик давом этаётганидан» хабари борлигини маълум қилганди. Таъкидланишича, экилмаган 5 млн туп кўчатни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Қолаверса, теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экишга ҳам кўрсатма берилганди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска сентябрь ойида «Яшил Макон» нафақат миллионлаб кўчатлар экиш, балки миллионлаб кўчатларни керакли жойга экиб, уларга тўғри ғамхўрлик қилиш эканини таъкидлаганди. У, шунингдек, дарахтларни парвариш қилишда фақат эҳтиёткорлик билан режалаштириш, ўйланган ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ҳамда барқарор ёндашувлар ижобий натижага олиб келиши мумкинлигини айтганди.