Янги ўқув йили бошланиши билан Тошкентда жамоат транспорти фойдаланувчилари сони анъанавий тарзда кескин ошади. Сентябрнинг илк кунларида метро кассаларида бир марталик QR-чипта харидорларининг узундан узун навбатлари вужудга келди. Ҳозир вазият барқарорлашган, бироқ тиғиз пайтларда ҳануз навбатларга гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Навбатлар билан боғлиқ муаммони Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларида транспорт ва контактсиз банк карталари, шунингдек, мобил иловалардан фойдаланган ҳолда йўл ҳақини йиғишнинг автоматлаштирилган тизимини (ATTO) жорий этиш орқали ҳал қилиш режалаштирилган эди (ушбу усуллар ёрдамида йўл ҳақини тўлаш ва транспорт карталари ҳисобини тўлдириш ҳақида қўлланмаларидан батафсил ўқиб олинг).

ATTO Тошкент жамоат транспортида 2020 йил бошида жорий этилганди. Бироқ пойтахт жамоат транспортининг кўпчилик йўловчилари йўл ҳақини бир марталик QR-чипталар ва нақд пулда тўлашда давом этмоқда. ATTO компанияси «Газета.uz»га август ҳолатида 550 мингта транспорт картаси сотилганини маълум қилди. Бироқ уларнинг 240 мингтаси ёки 43 фоизи актив ҳолатда бўлган.


АТТО маълумотларига кўра, автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлайдиган йўловчилар улуши 54 фоизни, транспорт карталарида тўлайдиганлар — 37 фоизни ва банк карталари орқали ҳисоб-китобни амалга оширадиганлар 8,5 фоизни ташкил этади. Қолган йўловчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, метро йўловчиларининг 61,1 фоизи йўл ҳақини бир марталик QR-кодли чипталар орқали тўламоқда. Улар ҳар бир сафар учун тўловни амалга оширишда чипта сотиб олишлари керак, чунки бекор қилинган жетонлардан фарқли ўлароқ, улар фақат сотиб олинган станцияда ва фақат ярим соат давомида амал қилади. Метро йўловчиларининг атиги 30,9 фоизи транспорт карталаридан, 8 фоизи банк карталаридан фойдаланади.


Нима учун йўловчилар кўпинча нақд пул тўлашни маъқул кўришмоқда?

Йўловчилар ҳали ҳам нақд пулда тўловларни амалга оширишининг биринчи ва асосий сабаби транспорт ёки банк карталари билан тўлашда имтиёзларнинг йўқлигидир. АТТО статистик маълумотларига кўра, йўловчиларнинг тахминан 40−50 фоизи фақат қулайлик туфайли электрон тўловга ўтган бўлса, қолган 50−60 фоизи иқтисодий рағбатга муҳтож, бироқ бу тизим бугунги кунда мавжуд эмас.

Реклама кампанияси ва транспорт карталарини имтиёзли сотиш бўйича бир нечта акциялар туфайлигина қулай ва вақтни тежашни хоҳловчи йўловчилар контингентини ўтказиш мумкин бўлди, деб ҳисоблайди АТТО. Бироқ йўловчиларнинг маълум бир қисми ҳақиқатан ҳам ўз одатларини ўзгартиришни исташмайди.


Шунингдек, йўловчиларнинг шундай контингенти ҳам борки, улар учун транспорт картаси ҳисобини бир неча марта бориб-келишга етадиган қилиб тўлдириш пуллари музлатилишини англатади. Эҳтимол, бу уларнинг охирги пули ва карта балансини тўлдириш бутунлай пулсиз қолиш билан тенг, деб ҳисоблайди компания. Нақд пулсиз тарифлар учун чегирмалар кўринишидаги қўшимча рағбатлантиришсиз ушбу контингент ҳеч қачон нақд пулсиз тўловга ўтмаслиги мумкин.

Амалдаги кундузги тариф режалари вазиятни ўзгартирмайди, чунки улар жамоат транспортида кунига тўрттадан ортиқ қатновларни амалга оширадиган йўловчилар учун фойдалидир.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, йўловчиларнинг 16,87 фоизигина кундузги тарифларни сотиб олади. Йўловчиларнинг 25,83 фоизи эса йўл ҳақини транспорт карталари орқали тўлайди, бироқ энг юқори тариф бўйича — 1400 сўмдан. Карталарни харид қилиш учун пул сарфлаш керак, йўл ҳақини тўлашда эса барибир энг юқори тарифда тўлашга тўғри келади.


Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, аҳолини ўз одатларини ўзгартиришга мажбурлашнинг ягона йўли йўловчини иқтисодий манфаатлар билан рағбатлантиришдир. Яъни, электрон тўлов нақд тўловга қараганда фойдали ва сезиларли даражада арзон бўлиши керак.

Таъкидлаш жоизки, бошқа мамлакатлар ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтишда муаммоларга тўқнаш келган. «Газета.uz» жаҳон тажрибасини ўрганди ва узоқ-яқин хориж мамлакатларида транспортда нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтишни қандай рағбатлантирганини баён этади.

Транспорт картаси билан тўлаш учун чегирма

Транспорт картаси орқали йўл ҳақини тўлашда чегирма тақдим этиш нақд пулдан нақд пулсиз тўловга ўтишни рағбатлантиришнинг энг кенг тарқалган ва самарали усулларидан биридир.

Масалан, Олмаота шаҳрида нақд пулда бир марталик йўл ҳақи нархи 150 тенге (4 октябрдаги курс бўйича 3465 сўм), ONAY транспорт картаси орқали тўланганда эса 80 тенге (1848 сўм)ни ташкил қилади. Табақалаштирилган тарифнинг жорий этилиши туфайли шаҳар бир ой ичида «яширин» айланмадан 800 млн тенге (1,6 млн доллардан ортиқ) олиб чиқишга муваффақ бўлди.

Остонада нақд пул эвазига автобусда юриш катталар учун 180 тенге (4158 сўм) ва болалар учун 90 тенге (2079 сўм) туради, транспорт картаси билан тўлашда эса катталар учун 90 тенге, болалар учун бепул.

Душанбеда бир автобусда юриш нақд пул тўлашда 2,5 сомоний (2789 сўм), City Card билан тўлашда эса 1,5 сомоний (1673 сўм) туради.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тошкент ҳам худди шундай йўлдан боришни режалаштирмоқда. Бундай тизимни жорий этиш бўйича таклифлар аллақачон Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган.


Янги ўзгартиришларга кўра, Тошкент автобусларида йўл ҳақини транспорт ёки банк картаси, шунингдек, мобил иловалар орқали электрон шаклда тўлашда амалдаги йўл ҳақининг 20 фоизи миқдорида чегирма белгиланиши кутилмоқда.

Янги тартиблар қабул қилинган тақдирда, автобусларда нақд пулда тўловни амалга оширувчи йўловчилар йўл ҳақининг энг юқори нархидан (бугунги кунда — 1400 сўм) тўлайдилар. 20 фоизлик чегирма билан бугунги кунда йўл ҳақи 1120 сўмни ташкил қилган бўларди.

Табақалаштирилган ва бир транспортдан бошқасига ўтиш (пересадка) тарифларини жорий этиш

Автотранспортнинг босиб ўтган масофасига боғлиқ бўлмаган ягона тариф йўловчилар учун энг содда ва тушунарли ҳисобланади, дея қайд этди Анвар Жўраев. Бироқ унинг асосий камчилиги қатъий белгиланган нарх бўлиб, бу йўловчига кўрсатиладиган хизмат билан мутаносиб эмас. Икки бекат юрган йўловчилар маршрутни охиригача босиб ўтганлар учун ҳам пул тўлагандек бўлиб чиқади.


Бунга йўл қўймаслик учун кўплаб мамлакатлар транспорт тури, маршрут тоифаси ва сафар масофасига боғлиқ бўлган табақалаштирилган тарифларни жорий қилган. Шунингдек, жаҳон транспорт амалиётида бир транспортдан бошқасига ўтиш (пересадка) тарифлари ҳам кенг тарқалган.

Масалан, Истанбулда метро, автобус ва трамвайга биринчи марта чиқишда Istanbulkart транспорт картаси орқали тўлов 7,7 лирани (4532 сўм) ташкил этади. Агарда икки соат ичида сиз бошқа бир транспортга ўтадиган бўлсангиз, иккинчи йўлкира 5,49 лира (3231 сўм, учинчисида — 4,17 лира (2454 сўм) бўлади.

Санкт-Петербургда автобус йўлкирасини нақд, QR-чипта ёки банк картаси билан тўлаш нархи 60 рублни (11333 сўм) ташкил этади. Ер усти транспортида «Подорожник» транспорт картаси орқали «60 дақиқа» «пересадкали» тарифи бўйича йўл ҳақини тўлаш эса биринчи мартасида 40 рубль (7422 сўм), иккинчисида — 10 (1855), учинчиси ва кейингиларида — бепул бўлади. Шундай қилиб, транспорт картаси орқали йўл ҳақини тўлаган йўловчи бошқа усулларда тўловни амалга оширганга қараганда камида икки марталик йўл ҳақини камроқ сарфлайди.


Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тошкент транспорт бошқармаси томонидан таклиф этилаётган ўзгартиришлар лойиҳасида пойтахт транспортига табақалаштирилган тарифлар жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Уларни маршрут тури, метрода сафар масофасига ва транспорт турига қараб шакллантириш таклиф этилмоқда. Метрополитен, магистраль ва ҳалқа маршрутлари учун намунавий тариф белгиланиши кўзда тутилган. Боғловчи маршрутларда стандарт йўл ҳақининг 10 фоизи, ҳудуд ичи (подвозочний) йўналишларда эса 20 фоиз чегирма ўрнатиш таклиф этилди.

Шунингдек, метрополитенда масофага боғлиқ ва бир транспортдан бошқасига ўтиш тарифларини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда. Жамоат транспортида йўлкира тарифларининг хилма-хил тизимини жорий этиш қуйи бўғиндаги коррупция даражасини ҳам пасайтиради. Бундан ташқари, нақд пулда тўлашга бўлган талабнинг юқорилиги метрополитен кассирларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.

Бироқ Тошкентда бир транспортда бошқасига ўтиш тарифларини жорий этиш транспорт ишида туб ислоҳотларни, жумладан, қатнов жадвалларини қатъий стандартлаштиришни, шунингдек, кўп йиллардан буён айтиб келинаётган магистрал йўналишларда автобуслар учун ажратилган линияларни ишга тушириш бўйича сиёсий иродани талаб қилади. Ҳозирги вазиятда эса йўловчилар керакли чегирмани олиш учун бошқа йўналишга ўтишга улгурмай қолишлари мумкин.