Президентининг 2022 йил 2 февралдаги «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан пойтахтга янги автобуслар олиб келинади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати бошлиғи Муслима Обидова маълум қилди.

Хусусан, «TRUCK AND BUS TRADE GROUP» МЧЖ томонидан йил якунига қадар 190 дона MAN А22 CNG русумли катта сиғимли автобуслар келтирилади.

Бу русумдаги автобуслар 30 та ўтириш ва 60 туриш ўрнига мўлжалланган, кондиционерлар билан жиҳозланган, сиқилган табиий газда юради. Сотиб олинган автобуслар ишлаб турган автобуслар қаторига киритилиб, ҳозир уларнинг қайси йўналишларга чиқиши кўриб чиқилмоқда. Баъзи йўналишларда улар кам сиғимли ISUZU ларнинг ўрнини эгаллайди.

Йил якунигача яна 25 та ўтириш ва 31 та туриш ўрнига эга бўлган 85 дона SAZ LE-60 ўрта сиғимли автобуслар ҳам олиб келинади. Улар жорий йилда харид қилинган шу русумдаги 115 дона автобусларга қўшилади.

Ютонг русумидаги 20 дона электробусдан иборат паркка жорий йилда янги электробуслар қўшилмайди, улар келгуси йилда олиб келинади.