Ижтимоий тармоқларда 9 октябрь куни Навоий шаҳар 5-минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колонияда маҳкум ваҳшийларча ўлдирилгани айтилган хабар тарқатилди. Навоий вилояти прокуратураси мазкур хабарларга изоҳ берди.

Аниқланишича, у 7 октябрь куни соат тахминан 1:35 ларда колония интизомий бўлимидаги хонада кийимидан арқон ясаган ҳолда темир каравотнинг металл қисмига ўзини осиб қўйган.

Мазкур шахс 2018 йил июль ойида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддасининг «л» банди (безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилиб, 60- (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш), 61-моддалари (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) билан айбдор деб топилиб, унга 15 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бунгача у тўрт марта судланган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланди.