Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербургда ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Саммитда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.

Тадбирда келгуси ҳафтада Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шерикликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация соҳаларидаги яқин алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан давлат раҳбарининг амалий ташрифи якунланди. Президент Тошкентга қайтиб келди.