«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти темир йўл транспортида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун 34 та замонавий электропоезд сотиб олади. Компания матбуот хизмати бунинг учун халқаро тендер эълон қилинганини маълум қилди.

Таклифларни қабул қилиш 29 ноябрга қадар давом этадиган тендерда (батафсил маълумотлар) поездларга техник хизмат кўрсатиш ва шаҳар атрофидаги йўловчи ташишни ривожлантириш мақсадида кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган ускуналар етказиб бериш ҳам кўзда тутилган.

Ҳаракат таркибини янгилаш, замонавий электропоездларни харид қилиш бўйича ҳозирда ташкилот Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa, CRRC-Dalian илғор компаниялари билан музокаралар ўтказяпти.

34 та замонавий электропоездлар харид қилингач, 8 та янги йўналишларда темир йўл қатновлари бўлади. Булар:

  • Тошкент — Жиззах — Тошкент,
  • Тошкент — Келес — Тошкент,
  • Навоий — Бухоро — Навоий,
  • Самарқанд — Жиззах — Самарқанд,
  • Самарқанд — Шаҳрисабз — Самарқанд,
  • Самарқанд — Қарши — Самарқанд,
  • Андижон — Хонобод — Андижон,
  • Нукус — Хива — Нукус.

Шунингдек, 10 та мавжуд йўналишларда эса қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади. Булар:

  • Тошкент — Хожикент — Тошкент,
  • Тошкент — Ангрен — Тошкент,
  • Наманган — Андижон — Наманган,
  • Қўқон — Андижон — Қўқон,
  • Тошкент — Гулистон — Тошкент,
  • Тошкент — Бекобод — Тошкент,
  • Термиз — Сариосиё — Термиз,
  • Қарши — Бухоро — Қарши,
  • Бухоро — Хива — Бухоро,
  • Самарқанд — Бухоро — Самарқанд.

Янги йўналишларда поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши ва мавжуд йўналишларда қўшимча қатновларнинг ташкил этилиши орқали бир йилда жами 22,4 млн йўловчига сифатли хизмат кўрсатишга эришилади (6 млн нафар янги йўналишлар ҳисобига тўғри келади).