Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов хориждаги ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, уларни ҳамкорликка чақирди. Унинг видеомурожаати 1 октябрь куни Берлинда «O'zbekistonlik» фильмининг иккинчи қисми тақдимотида намойиш этилди.

«Бугун биз дунё бўйлаб тарқалиб кетган ватаннинг барча интеллектуал салоҳиятини бирлаштирмоқчимиз. „Ўзбекистон“ сўзини юрагининг тубида сақлайдиган кўплаб истеъдодли инсонлардан тўқилган тармоқ яратмоқчимиз. Биз узоқ вақт давомида сиз билан масофа сақлагандик. Уфқдан ташқарига кетишга интилганларни, ўз йўлини излаганларни ва ўз бахтини топишга уринганларни тушунишни истмадик ва улардан ранжидик», — деб таъкидлади у.

«Янги Ўзбекистон бошқача фикрлайди ва ҳаёт кечиради ҳамда бунга барча қўшниларни чорлайди», — дейди Азиз Абдуҳакимов.

«Давлатимиз раҳбари ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати бошиданоқ шаффофликка, ҳамкорликка ва шартсиз халқлар дўстлигига қаратилган эди. Биз географик жиҳатдан чекланмаслигимиз ва жаҳон ҳамжамиятига интеграция бўлишни истаймиз», — деди бош вазир ўринбосари.

«Айнан сиз, ўзбекистонликлар, ватандошларимиз — мамлакатимизнинг элчиларисиз», — деди у.

«Сизлар дунё ҳамжамиятида бизнинг юзимизсиз. Сиз орқали ҳамкасбларингиз, ҳамкорларингиз, дўстларингиз Ўзбекистонни танийдилар ва шу билан бирга, менинг ишончим комилки, мен ўз мамлакатимга қандай ёрдам бера оламан, деган саволлар ҳаёлингизга албатта келади. Менда бунинг жавоби бор. Ўзингизни англаб, исмингизни улуғлаб, бахтли бўлган тарзда сиз унга аллақачон ёрдам беряпсиз», — деди у.

Азиз Абдуҳакимов ватандошларда имкон бўлса, ўз ғоялари ва ташаббусларини Ўзбекистонга ҳадя қилишни таъкидлади.

«Мамлакатимиз ижодий ёрдамига муҳтож. Бугун биз сиз учун биринчи кўприкни барпо қиляпмиз. Ахир, қаерда яшашимиз, қайси миллат вакили бўлишимиз, қайси тилда гаплашишимиздан қатъи назар, барчамиз — ўзбекистонлармиз!», — дея таъкидлади у.

Аваалроқ «O'zbekistonlik» фильмининг иккинчи қисми Exolaunch сунъий йўлдошини учириш компанияси раҳбари Дмитрий Богданов ва Tesla компанияси таҳлилчиси Муштарий Шарифова ҳақида ҳикоя қилишини ёзгандик. Ғоя муаллифи, Ёшлар масалалари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, фильм «ёшлар нигоҳида муваффақиятга ишончни ёқиши керак».