Президент Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни расмий ташриф билан Венгрияга етиб борди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати. Давлат раҳбарига унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилмоқда.

Ференц Лист номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарининг ташрифи муносабати билан Ўзбекистон ва Венгрия байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон етакчисини Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон — Венгрия саммитнинг асосий тадбирлари 4 октябрь кунига мўлжалланган. Венгрия президенти Каталина Новак билан учрашув бўлиб ўтади. Сўнг Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказади. Якунда икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Президент ташрифи доирасида Венгриянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан ҳам учрашиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, саммитининг кун тартибидан стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.