Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия томонининг таклифига биноан 3−4 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф доирасида Будапештда Венгрия президенти Каталина Новак ва бош вазири Виктор Орбан билан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

«Икки мамлакат етакчиларининг ўтган йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтган учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ, бўлажак саммит давлат раҳбарининг жавоб ташрифи эканини таъкидлаш жоиз», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон — Венгрия саммитининг кун тартибидан стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Шунингдек, ўзаро савдони кўпайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуи, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Хабарга кўра, музокаралар якунида қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган. Бундан ташқари, давлат раҳбари Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кўзда тутилган.