Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги [468-сон] қарорига мувофиқ, 1 октябрдан бошлаб «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилиши кўзда тутилган.

Шунга мос равишда ягона портал тизим орқали автомашинага тақиқ борлигини аниқлаш бўйича янги хизматни йўлга қўйди.

Хизматдан фойдаланиш бепул ва узоқ вақт талаб этмайди.

Шунингдек, мол-мулкни тақиқлаб қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

  • жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар — Ички ишлар вазирлиги;
  • юридик шахсга оид маълумотлар — Адлия вазирлиги;
  • кўчмас мулкка оид маълумотлар — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
  • қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар — ВМ ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
  • аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
  • кемаларга оид маълумотлар — Транспорт вазирлиги;
  • кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

Хизматдан фойдаланувчи шахснинг автотранспорти ўзига тегишли бўлиши керак. Автоуловни бош ишончнома ёки ишончнома асосида бошқарувчилар бу хизматдан фойдалана олмайди.