27 сентябрь куни ҳукумат «Яшил боғлар» низомини тасдиқлаб, [529-сонли] қарор қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича ҳокимликларга ташаббус билан ️давлат органлари ва ташкилотлари, ️фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари️ яъни маҳаллалар ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари чиқиши мумкин. Киритилган таклифлар ҳокимликлар томонидан 15 иш кун ичида кўриб чиқилади.

Маъқулланган таклифлар асосида «Яшил боғлар»ни барпо этиш ва лойиҳалаш бўйича ҳар йили 10 февралгача «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти билан шартномалар тузилади.

Лойиҳалар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳар йили 15 майгача тегишли қарор қабул қилиш учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритилади.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари буни маъқулласа, «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси билан келгуси йилнинг 20 январига қадар шартномалар тузилади. «Яшил боғлар»га ҳар йили баҳор ва кузда кўчат экилади.