29 сентябрь куни президент фармони билан бош вазирнинг янги ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари — энергетика вазири тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

5 ойдан бери бўш турган лавозимни Жўрабек Мирзамаҳмудов эгаллади. Бунгача вазиликни бошқарган Алишер Султанов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтганди.

Пайшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ вакиллари Жўрабек Мирзамаҳмудов номзодини кўриб чиқиб, маъқуллади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов (1979 й. т.) 2001 йилда «Умид» жамғармаси гранти асосида АҚШдаги Алабама университетини, 2005 йилда эса Тошкент кимё технологиялари институтини тамомлаган.

Аввал Вазирлар Маҳкамаси Ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган. «Ўзкимёсаноат» бошқаруви раисини ўринбосари ва иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 2018 йил июнидан «Ўзатом» агентлигини бошқариб келаётганди. 2019 йилда у энергетика вазирининг биринчи ўринбосари бўлди. 2020 йилда мазкур лавозимидан озод этилди. Ўшанда у «Ўзатом» агентлиги ва «Ўзкимёсаноат» компаниясидаги раҳбарлик лавозимларини сақлаб қолганди.