27 сентябрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида видеоселектор йиғилишида «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Атамурадов ишдан олинди.

Тармоқларда унинг меҳмонхона ходимларини ҳақоратлаб, уларга нарса улоқтираётгани акс этган видеоси муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Йиғилиш давомида Сардор Умурзаков агентлик раҳбарига унинг бу ҳолати давлат, республика органининг даражасига, лавозимига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Администрация раҳбари қайд этишича, у давлат тизимини шарманда қилиб, обрўсизлантирган.

«Ўзбекчорванасл» агентлиги директори [Бахтиёр Атамурадов], каттакон, чиқинг микрофонга. Бутун дунё десак ҳам адашмайман. Менга чет элдан ҳам сизнинг саргузаштларингизни Telegram орқали юборишди. Наманган вилоятида хизмат сафари давомида ва ҳоказо, ва ҳоказо, майли, ҳозир ҳамманинг олдида айтмайман. Нималар қилганингизни ҳамма кўрди. Давлат тизимини шарманда қилдингиз. Мана, ҳозир ҳамманинг олдида туриш муносибми сизга? Банкда қанча-қанча ишлагансиз, бошқа қилгансиз. Ҳурматли президентимизнинг қарорлари билан бугун сиз ҳам лавозимингиздан бўшатиласиз, чиқиб кетинг залдан, жаноб Атамурадов. Гувоҳномасини топширсин қоровулга", — деди ПА раҳбари.

У 7 июль куни агентлик директори лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сардор Умурзаков бешта туман ҳокими ишдан бўшатилганини маълум қилганди. У ўз нутқида ҳокимлар «бутун давлат тизими ва президент командасини обрўсизлантиришга олиб келганини» таъкидлаганди.

Бундан ташқари, «ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилгани ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун» Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жаримага тортилганди.