Сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков пахта теримидаги қонунбузилишларни танқид қилди, дея хабар берди ЎзА.

Хабарда қайд этилишича, вилоятлар раҳбарлари пахта теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш тўғрисида алоҳида огоҳлантирилган.

«Шунга қарамай пахта терими бўйича ҳар куни ижтимоий тармоқларда янги-янги хабарлар тарқалмоқда. Энди тадбиркорлардан, бюджет ташкилотларининг оддий ходимларидан ҳашарчиларни жалб қилиш учун пул йиғиш авжига чиқаяпти экан. Бу ҳолатлардан битта хулоса қилиш мумкин. Мазкур иш билан шуғулланаётган ҳар қандай раҳбарни ҳурматли президентимиз сиёсатларига хиёнаткор деб баҳолаш мумкин», — деди Сардор Умурзаков.

Президент Администрацияси раҳбари Бош прокуратура (Ниғматилла Юлдашев) бундай ҳолатларга алоқадор бўлган шахсларни хеч иккиланмай зудлик билан жиноий жавобгарликка тортиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳудудий прокурорлар билан биргаликда бизга қонун устуворлигини таъминлаб беришларингиз керак», — деди у.

Шунингдек, Сардор Умурзаков кластерлар томонидан ҳам салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганлиги тўғрисида кўплаб эътирозлар мавжудлигини маълум қилди.

«Кластерларга паст нархда пахта сотишни хоҳламаган фермерларга туман сектор раҳбарлари томонидан босим ўтказилаётганини қандай тушуниш мумкин?» — деб сўради у.

У бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга бу ҳолатни икки кун муддатда шахсан ўрганиб, халқ орасида бундай норозиликларни келтириб чиқаришга сабаб бўладиган сектор раҳбарлари, кластерлар бўйича таклиф киритишни топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тармоқларда пахта теришга турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид хабарлар тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатди. Мажбурий меҳнатга дуч келганлардан эса 1176 ва 1092 ишонч рақамларига мурожаат қилиш сўралмоқда.