Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-терими ишларига турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид айрим хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси «Газета.uz»га муносабат тақдим қилди.

Хусусан, Telegram каналларининг бирида 23 сентябрь куни Қашқадарёда бир қатор корхона ва заводларнинг ишчи-ходимлари дам олиш кунлари мажбуран пахта теримига олиб чиқилаётгани ҳақида пост эълон қилинган.

Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан ҳар қандай кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб этиш, ишчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ўрганилиши, бартараф этилиши ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиши назоратга олинган.

Таъкидланишича, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга солинган, ушбу қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, комиссия фуқаролардан мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келинса, 1176 ҳамда 1092 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишиларини сўрамоқда.

«Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади», — дейилади хабарда.