12 сентябрь куни Тошкент аэропортининг халқаро терминалида Bobur Diyor компанияси ўз такси хизматини ишга туширди. Taxi Airport Tashkent ёрлиқлари ёпиштирилган автомобиллар ҳозирда келиш терминалидан чиқиш жойида турибди. Улар хизматидан фойдаланиш нархи 30 минг сўмдан бошланади.

Қайд этиш жоизки, Тошкент халқаро аэропортидан чиқиш жойидаги ноқонуний таксичилар мавзуси узоқ вақтдан бери муҳокама қилиб келинади. Жамоатчилик ва сайёҳлар ҳайдовчиларнинг хиралиги ва қўпол хатти-ҳаракатларидан норози. Такси ҳайдовчилари шаҳарга чиқаётганларнинг атрофини ўраб олишади, йўлини тўсиб, баъзан шахсий чегараларни бузишади ҳам — йўловчиларга тегинишади, жомадонига чангал солишади. 2019 йилда колумнист Никита Макаренко «Газета.uz»да ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган «бомбила»лар муаммосини кўтарган эди. Пойтахт аэропортидаги сўнгги янгиликка қадар вазият деярли ўзгармади.

Тошкент аэропортида расмий ташувчининг пайдо бўлиши ноқонуний таксичилар фаолияти барҳам топишининг бошланғич нуқтаси бўлиши мумкин. Бироқ бир кунда ва ёлғиз ҳолатда «бомбила»лар масаласини ҳал қилиб бўлмайди, дея таъкидлади Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева.

15 сентябрь куни компания матбуот хизмати ноқонуний таксичилар провакация уюштираётгани, ҳайдовчилардан бири эса уни аэропорт ҳудудига киритмаган қоровулни урганини маълум қилди. Раъно Жўраева ноқонуний таксичиларни йўловчилар хавфсизлиги учун таҳдид деб атади.

«Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов аэропортда бўлиб, Taxi Airport Tashkent расмий ташувчисининг ходими ҳисобланмаган таксичилар билан суҳбатлашди.

«500 минг бўладими?» — деб сўрайди таксичи учиб келиш терминали яқинида Ҳиндистондан келган ёш йигитдан. Чет эллик тўртта катта-катта жомадон ортилган иккита аравача олдида турарди.

«Хўш, бўладими? 500 минг», — дея такрорлайди таксичи йигит автотурарҳоҳ бўйлаб айланиб юраркан.

Расмий такси хизмати машиналари чиқиб келувчиларни бевосита терминал олдида кутади. Бир неча ўн қадам нарида панжара ўрнатилган бўлиб, унинг ортида кутиб олувчилар йўловчилар орасидан ўз яқинларини излашади. Кутиб олувчилар орасида эса, одатда, келганларга ўз хизматларини таклиф қиладиган шахсий ташувчилар ҳам бўлади. Сукут билан жавоб берилиши ва ҳатто тўғридан-тўғри рад этишларига қарамасдан, баъзи таксичилар уларнинг орқасидан эргашишда давом этади.

Ноқонуний таксичилар истар-истамас мулоқотга киришади. Улар ўз ишлари ва расмий ташувчилар пайдо бўлганига шахсий муносабати ҳақида сўзлаб беришдан бош тортишади, суҳбатлашишни бошлагандан кейин ҳам шубҳаланиб қараб, тўсатдан жўнаб қолишлари мумкин. Улар ўзларини безбетларча тутишлари ва йўловчиларнинг ҳол-жонларига қўймасликлари ҳақидаги гапларни рад этишади, бироқ ортидан кузатсангиз, уларнинг айнан шундай қилишларини кўришингиз мумкин.

Ўнлаб таксичилар билан суҳбатлашгандан кейин «Газета.uz» «бомбила»лар аэропортга учиб келувчиларни овлайдиган ташувчиларнинг ягона тоифаси эмаслигини аниқлади.

Биринчи тоифа — келувчиларни кутиш жойида (харитада 3-рақам) мижозларни қидираётган такси ҳайдовчилари. Айнан улар кўпинча багажларга тегиб, қўллардан тутиб олишади, баланд нархлар айтишади.

Бундай ҳайдовчидан шаҳарга чиқиш учун қанча ҳақ олишини сўрасангиз: «Нархини келишсак бўлади», «Шаҳардагидай», дея жавоб беришади. Ўртача харажат ҳақида сўралганда, жавобдан қочишга уриниб: «Худо қанча берса шунча-да», дейди. Сўралганларнинг ҳеч бири йўл кира ўртача қанча бўлишини тилга олишмади.

Ушбу такси ҳайдовчиларининг автомобиллари иккита олисдаги автотураргоҳда — «Тошкент-Аэро» божхона мажмуаси (7) ва яшил зонадаги (8) автотураргоҳга қўйилган бўлади.

Иккинчи тоифа мижозларни кутиш майдони (4) олдидаги фавворалар ёки Божхона мажмуаси (7) ёнидаги автотураргоҳда ушлайди. Булар ҳам ноқонуний такси ҳайдовчилари, лекин улар ўз хизматларини хушмуомалалик билан таклиф қилишади, уларнинг нархи ҳам жуда юқори, лекин аллақачон этарли.

Иккинчи тоифа мижозларни кутиш майдони (4) олдидаги фавворалар ёки Божхона мажмуаси (7) ёнидаги автотураргоҳда тутади. Улар ҳам ноқонуний таксичилар, лекин ўз хизматларини хушмуомалалик билан таклиф қилишади, уларнинг нархи ҳам жуда юқори, лекин инсофлироқ.

Ҳайдовчилардан бири Ифтихор Yandex Go агрегатори таклиф қилганидан 20−30 минг сўм кўпроқ пул сўрашини айтди. Бироқ Ифтихор хизматларидан фойдаланиш учун иловани очиб, ҳайдовчини кутиш шарт эмас, дея тушунтиради у. Шунингдек, юкни машинага жойлаб қўяди, етиб борганларидан кейин юқори қаватларга ҳам чиқариб бериши мумкин.

Учинчи тоифа — расмий рўйхатдан ўтган такси компанияларининг таксичилари. Уларнинг машиналари сут рангида, томидаги «шашка» ва ТТ ҳарфлари туширилган давлат рақами билан ажралиб туриши мумкин. Бундай транспорт воситаларининг эшикларида одатда компания ҳақидаги маълумотлар туширилган стикер бўлади.

Бу ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, Taxi Airport Tashkent хизмати пайдо бўлгунга қадар айнан уларнинг машиналари келганлар терминалига энг яқин тўхташ жойига (5) қўйилган. Бу ташувчилар хизматидан фойдаланиш учун йўловчилар кутиш жойидаги кабинада ўтирган диспетчерга мурожаат қилишлари керак эди.

Эндиликда такси компанияларининг машиналари келиш терминалига (6) энг яқин автотураргоҳга киришда кутиш режимида турибди. Бу ерда фақат такси ҳайдовчилари тўхташлари мумкин.

Таксичилар билан суҳбатдан маълум бўлдики, ҳайдовчиларнинг учала тоифаси ўртасида тушунмовчилик бор. Расмий такси компаниялари ҳайдовчилари баъзи ҳайдовчилар ўз хизматларидан фойдаланишга мажбурлашади, шунингдек, йўловчиларни қўлларидан тутиб олишади, нархларни оширишлари ва ҳатто мижозларни алдашларини ҳам тан олишади.

«Бешта бармоғини оғзига солишади», дейишади такси ҳайдовчилари «биринчи тоифадаги» таксичиларнинг нархини ошириб юборишлари ҳақида.

«Агар [ўша ҳайдовчилар] 100 минг сўраса, мен 40 минг сўрашим мумкин. Менда [нархлар] меъёрида, — дейди иккинчи тоифага мансуб ҳайдовчи Ифтихор. Бундай рақобат, унинг сўзларига кўра, «биринчи тоифадаги» ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлади. Ифтихор уларнинг «сурбет ҳаракатлари» ортидан бир нечтаси билан муштлашиб ҳам қолган.

Суҳбатлашишга рози бўлган Ифтихор ва бошқа ҳайдовчилар таксичиларнинг бундай хатти-ҳаракатига қўллаб-қувватламайди ва айрим таксичиларнинг қўполлиги, ёлғончилиги, йўловчиларнинг шахсий чегараларини бузиши Ўзбекистон имижига салбий таъсир кўрсатаётганини тан олишади.

Ифтихор ўз вақтида дунё бўйлаб кўп саёҳат қилганини, бошқа мамлакатларда бундай муаммолар йўқлигини билишини айтди.

У аэропортда уч йилдан бери ишлаётганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда бошқа таксичиларга муаммо туғдираётган беш-олти нафар таниқли ҳайдовчи бор. Ифтихорнинг таъкидлашича, «ҳатто ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳам уларга кучи етмайди», баъзи ҳолларда эса улар «ички ишлар органлари ходимларининг ишончига кириб олишади».

«Мана мен нафақадаги ҳарбийман, — давом этди Ифтихор. — Оиламни боқишим керак. Ҳаёт қийин. Ҳа, чиқиш жойида йўловчиларни босиб кетишади. Лекин ҳамма ҳам буни қилмайди. Ҳаммани ёппасига «бомбила»га чиқариш шартмас».

Эркакнинг қўшимча қилишича, кўплаб ҳайдовчилар потенциал мижозларга нисбатан нозик муомала қилишади.

Ким «бомбила»лик қиляпти? Менми?» — ҳайдовчи Алишернинг жаҳли чиқади. У такси компаниясида ишлайди ва лицензияланган такси хизматини тақдим этади, шунингдек, солиқ тўлайди.

Алишернинг сўзларига кўра, яқинда матбуот хизмати хабар қилган ҳодисада таксопарк ҳайдовчиси аэропорт қоровули билан жанжаллашган. Алишернинг ҳамкасблари («учинчи тоифадаги» ҳам) бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўз версияларини тақдим этдилар. Аэропорт бошқарув компанияси матбуот хизмати 12 сентябрь куни такси ҳайдовчиларидан бири қўриқчини аэропортга киритмагани учун урганини маълум қилганди. 14 сентябрь куни эса, матбуот хизматининг қайд этишича, ноқонуний такси ҳайдовчилари Taxi Airport Tashkent автомашиналари терминалига киришни тўсиб, аэропорт раҳбариятидан ўзлари учун бепул тўхташ жойи ташкил қилишни талаб қилган.

Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, машиналар тўхташ жойига кириш жойи дастлаб аэропорт ходимлари томонидан ўрнатилган бетон бордюрлар билан тўсиб қўйилган. Қўриқчилар автотураргоҳга кириш эшиги олдида машиналарни тўхтатган такси ҳайдовчиларини, гарчи ўзлари тўсиб қўйган бўлсалар ҳам, киришни тўсиб қўйганликда айблашди, дейди улар.

Такси компаниялари ходимлари ҳозирда терминалга энг яқин тўхташ жойларида бир соатлик тўхташ нархи 3000 сўмдан 10000 сўмга кўтарилгани боис, улар тўхташ терминалидан узоқроқда тўхташга мажбур бўлаётганини таъкидлади. Taxi Airport Tashkent хизматидан фойдаланиш қиммат деб ҳисоблаган йўловчилар учун бу ноқулай бўлиши мумкин, дейди ҳайдовчилар.

Таксичилар уларнинг нархлари Yandex Go нархларидан 20−30 мингга юқори эканини тан олишди, аммо бу пул эвазига, уларнинг сўзларига кўра, ҳаммоллик хизматини ҳам таклиф қилишади.

Таксопарклар ҳайдовчилари турли фирмаларда ишлайди. Улардан бири — Исмоилнинг айтишича, улар таксопаркларга кунлик режа топширишади, уларнинг йўналиши ҳамиша аэропорт ва шартнома асосида йўл ҳақини тўлайдиган мижозлар манзили ўртасида ўтади.

Ҳайдовчиларнинг ўзлари нима таклиф қилишмоқда?

Таксопарклар ҳайдовчилари Taxi Airport Tashkent`га нисбатан ҳеч қарши ғарази йўқлигини айтишди. Улар солиқ тўловчи расмий компанияда рўйхатдан ўтганлари сабабли ўзларига нисбатан «бомбила» сўзи ишлатилмаслигини сўрашди. Улар бундай таксичиларга тўхташ учун тўловларни чегирма билан таъминлашни таклиф қилмоқдалар, чунки бу, жумладан, Тошкентга келган, лекин аэропортнинг расмий ташувчиси хизматларидан фойдаланишни хоҳламаганлар учун қулайлик ҳисобланади.

Уларнинг сўзларига кўра, вокзалолди майдон ва автотураргоҳ эндиликда Тошкент аэропорти мулки ҳисобланишига қарамасдан, соатига 10 минг сўмлик нарх жуда ҳам баланд

«Кун бўйи учун 10 ёки 15 минг бўлсин, ҳар кириш ва ҳар соат учун эмас», — деб сўрайди Алишер.

«Иккинчи тоифа»га мансуб ҳайдовчилар чорасиз ҳолатга тушиб қолганлари, «ҳаётлари оғир» эканини таъкидлашди. Шу билан бирга, уларнинг кўпчилиги Yandex Go ва бошқа агрегаторлар билан ишлашни хоҳламайдилар. Улар лицензиясиз ишлашади, бироқ уларни «бомбила»лар деб аташганидан ҳам норози бўлишади ҳамда бу сўзни беандиша ва хира таксичи сўзлари билан маънодош деб ҳисоблашади.