Агар Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда ўз хизматларини хиралик билан таклиф қилаётган таксичилардан ўттиз кишилик взвод ташкил этилса, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш масаласида анчагина маблағ тежаш мумкин. Уларга давлат чегарасини қўриқлашни топширинг. Уларнинг ёнидан бирор кимса ўтиб кетолмайди. Уларга ҳеч ким бас келолмайди. Уларга ҳеч кимнинг сўзи ўтмайди.

Улар — енгилмас. Улар — Дункан Маклауд каби умрбоқий. Эҳтимол, улар болалигида сеҳрли дамлама тўла қозонга тушиб кетишгандир… Ёхуд уларга Зевс ҳомийлик қилармикан?.. Зеро, уларнинг ҳануз борлигини мен бошқача изоҳлай олмайман. Назаримда, таксичиларнинг аэропортдаги бу ёғлигина жойни тарк этишларидан кўра, қадимий Тетис уммони яна Қизилқумни тўлдириши осонроқ шекилли.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 22 февралдаёқ аэропортда тартиб ўрнатиб, таксичилар масаласини ҳал қилишни топширган эди. Ўшандан буён бир йилдан зиёд вақт ўтди. Ҳеч нима ўзгармади. Учиб келган сайёҳлар чиқадиган янги бино очилди. Таксичилар эса бармоқларида калитларини айлантириб ўйнаганча, шаҳдам қадамлар билан ўша ёққа кўчиб ўтишди.

Мамлакат ҳақидаги дастлабки тасаввур

Ўзбекистонни дунёга танитиш учун кўплаб куч, вақт ва маблағ сарфлаш, миллионлаб доллар ажратиш мумкин. Лекин буларнинг барчаси беҳуда. Чунки, бугунги кунда мамлакат обрўси, бу — Тошкент аэропортидан чиқаётган сайёҳлар кўрадиган таксичилар. Улар учун мана шунинг ўзи Ўзбекистоннинг қиёфаси. Зеро улар Ўзбекистон заминида сайёҳлар биринчи бўлиб дуч келадиган ва мулоқотга киришадиган дастлабки одамлардир.

Қандай мулоқот, дейсизми? Аниқроғи, сайёҳларни боплаб лақиллатишади. «Такси, такси, акахон», деб ғўнғиллаб туриб, одамнинг пинжига киришади, кейин машина олдига олиб боришади, сўнг эса шаҳар марказигача 55 доллар эвазига етказиб қўйишади. Ёки халқаро терминалдан маҳаллийсигача олиб бориб қўйиб, 50 еврони қуртдай санаб олишади. Яқинда япониялик сайёҳлар билан шундай воқеа юз берганини эшитгандим.

Видео 2019 йил 14 март куни Тошкентдаги Ислом Каримов номли халқаро аэропорт терминалидан чиқиш жойида олинган.

Сиз бу видеода кўраётган таксичилар Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли зарар етказишяпти. «Пулига куйиб» алданган ҳар бир сайёҳ яна юзта сайёҳдан маҳрум бўлганимизни билдиради. Бинобарин, аҳмоқ қилинган меҳмон блогда аэропортдаги «меҳмондўстлик» ҳақида ёзганидан кейин ўша юз киши ҳам мамлакатимизга келиш фикридан қайтади. Келган меҳмон эса албатта ёзади. Демак, таксичи йигитларнинг сурбетлиги, одобсизлиги ва фирибгарлиги 2019 йилда ҳам давом этишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Энг кулгилиси шундаки, улар атиги 20−30 киши. Лекин нимагадир бизнинг бутун давлатимиз машинаси ҳам сувни лойқалатаётган ана шу бир ҳовуч одамларнинг танобини тортиб қўёлмаяпти. Мен кўп бора улар билан тортишганман. Улар ўзларининг жазодан ҳоли ва абадий эканликларига шубҳа қилмайдилар. Эҳтимол, уларда бундайин ишонч учун бирр сабаб бордир?

Бу йигитлар — жиддий муаммо. Улар сайёҳлар ва меҳмонларни жалб этиш борасида мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган барча хайрли ишларни йўққа чиқаришяпти. Янги ташриф залини барпо этиш, чегарачилар тез ишлаши, юклар қисқа вақтда берилишини йўлга қўйиш, «Яшил йўлак» ташкил қилиш учун қанчадан-қанча меҳнат ва маблағ сарфланди. Буларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам ишлаяпти. Учиб келиш ҳам қувончли, осон ва жўн бўлиб қолди. Аммо келган одам аэропортни шаҳардан ажратиб турувчи тўсиқдан ўтиши биланоқ унинг бошига бир челак ювинди қуйилади.

Сурбет таксичилар бизни бутун дунёга шарманда қилди. Жаҳонга танилган Lonely Planet йўл кўрсаткичи нима деб ёзганига эътибор беринг: «Такси — аэропортдан жўнаб кетишнинг энг оддий усули, лекин терминал ташқарисидаги таксичилар тўдаси одатда келган одамларни лақиллатишга уринишади».

Ғоят оммалашган Wikitravel онлайн-йўл кўрсаткичи эса бундай деб ёзади: «Сиз халқаро терминалдан чиққан заҳоти бир талай одамлар чиқиш жойида туриб, «такси» хизматларини таклиф қилишини ёдингизда тутишингиз зарур. «Такси» ҳайдовчилари уларнинг назарида хорижий сайёҳнинг «ҳамёни кўтарадиган» ҳар қандай маблағни сиздан «шилиб олиш"га интилишади».

Дарвоқе, «такси» сўзини йўл кўрсаткичнинг ўзи қўштирноқ ичига олган. Чунки нормал сайёҳнинг нуқтаи назаридан қараганда, бу такси эмас, балки фирибгардир. Энди яқинда Ўзбекистонда бўлган бир нечта сайёҳнинг Google Maps локациясида билдирган фикрларига мисол келтирсак:

«Даҳшат, ўтиб кетишнинг имкони йўқ, учиб келаётганлардан кўра таксичилар кўпроқ» (Яна Ишметова).

«Чиқиш жойида устингизга ёпирилиб келувчи таксичилар масаласи бир ёқлик қилинса, зўр бўларди» (Артем Ред).

«Тошкентга олиб кириш учун 20 доллар нарх қўйиб олиб, сайёҳларни алдаётган сурбет таксичилардан эҳтиёт бўлинг» (Бертранд Нгим).

Тартиб ўрнатамиз

Уларни нима қилиш керак? Ҳозирдаёқ бир қанча ишлар амалга оширилган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 12 март куни ташриф зали ичида махсус пештахта очди. Бу ерда ҳар бир одам қатъий белгиланган нарх эвазига шаҳарнинг исталган нуқтасига бориш учун такси чақириши мумкин. Кира ҳақи 60 минг сўм, бу тахминан 7 АҚШ долларига тўғри келади. Сайёҳ учун яхши ечим ва рақобатли нарх. Бундай махсус пештахталар бутун дунё аэропортларида бор.


Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортнинг ташриф залидаги ахборот пештахтаси. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот-хизмати олган фотосурат.

Айни пайтда ишнинг иккинчи қисми бажарилмаган. Мамлакат обрўсини тўкаётган таксичилар ҳайдаб юборилиши керак. Ахир ҳар бир сайёҳ ҳам пештахтага мурожаат қилавермайди, қолаверса, ўз фуқароларимизни ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Аэропортдан чиқиш ҳамма учун қулай бўлиши керак.

Муаммо ҳал этилиши учун икки шарт бажарилиши даркор:

  1. Бирорта ҳам таксичи аэропорт ҳудудида ўз хизматларини мустақил равишда таклиф этишга ҳақли эмас. У ўз машинаси ёнидан кетмаслиги шарт.
  2. Барча таксилар навбатда туриши, навбат эса назорат қилиниши керак.

Қачонки шу шартларга риоя этилса, шунда тартиб бўлади. Такси келдими, навбатга турсин. Навбатга турмадими, машина рақами «қора рўйхат"га тушади ва ҳайдовчи аэропортда ишлаш ҳуқуқидан мосуво бўлади. Таксичи машинадан тушдими, ўз хизматларини ўзи таклиф қиляптими — тамом, унга ҳам тақиқ қўйилади, устига-устак жарима ҳам тўлайди.

Ҳамма таксилар саф тортиб навбатда туриши, навбатни инглиз тилини ҳам биладиган менежер назорат қилиши зарур. Учиб келган одам менежерга мурожаат қилади, менежер нархни айтади, такси эшигини очади, сайёҳ унга ўтириб, жўнаб кетади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Мана шу — маданиятли йўл тутиш.

Мен барча масъул тузилмаларни таксичилар муаммосини ҳал этишга даъват қиламан. Аэропорт раҳбарияти, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Давлат солиқ қўмитаси, Миллий гвардия — ҳеч бири четда қолмасин. Штаб ташкил қилиш ва масалани бир ёқадан бош чиқариб ҳал этиш зарур.

2018 йилда мен «Ўзбекистон ҳаво йўллари"га ҳам, шаҳар ҳокимиятига ҳам, бошқа идораларга ҳам кўплаб хатлар ёзганман. Муаммо мавжудлигини ҳамма эътироф этади-ю, лекин сансалорликдан нарига ўтилмайди. Аэропортдагилар: «Тўсиқдан ташқаридаги ҳудуд бизга қарашли эмас», — дейишади. ИИВдагилар таксичилар масаласи билан улар шуғулланмаслигини айтишади. Хокимиятдагилар эса бу солиқчилар шуғулланиши керак бўлган ишлигини таъкидлашади. Шундай экан, ҳамма идораларнинг бу йўналишдаги хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи режа ишлаб чиқиб, муаммони қатъият билан ва бир йўла ҳал этиш жуда зарурдир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилиши лозим. Тошкент шаҳар ИИББда «Газета.uz"га тушунтиришларича, кодекснинг ҳозирги мавжуд нормалари ўз хизматларини шилқимлик билан таклиф қилганлик учун жазолаш имконини бермайди. Назарий жиҳатдан қўлланиши мумкин бўлган иккита модда бор, холос.

«Транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш» деб номланган 141-модда таксичи юридик шахснинг машинасида кира қилган ҳолларда қўлланилиши мумкин. Агар таксичида лицензия бўлмаса, унда «Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш» деб номланган 165-модда қўл келади. Аммо аэропортда пашшахўрда бўлиб юрган таксичиларнинг аксариятида лицензия бор. Демак, якка тартибдаги тадбиркорлар одам ташишига рухсат берилиши кутилаётган ҳозирги пайтда 141-модда ҳам иш бермайди.

Энди қўшни давлатларнинг тажрибасига кўз ташлаб кўрсак. Ҳозирда бутун Марказий Осиё бўйича бу масалада фақат Қозоғистонда жиддий кураш олиб борилмоқда. У ерда олиб борилаётган иш самара беряпти — Олма Ота аэропортидан чиқиш жойи бизникига нисбатан анча ёқимли ва осойиштароқ. Қозоғистонлик полициячилар таксичилар билан курашда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг «Жамоат жойларида хиралик қилиш» деб номланувчи 449-моддасидан фойдаланишади.

Бизда бунақа модда йўқ. Шу моддага кўра, «Буюмларни харид қилиш, сотиш, алмашиш ёки бошқа тарзда уларга эга бўлиш мақсадида жамоат жойларида хиралик қилиш, яъни шилқимлик билан мулоқот қилиш» огоҳлантиришдан бошлаб, беш суткагача қамоққа олиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Бу модда албатта қўлланилмоқда. 2017 йил ноябрь ойида Олма Ота аэропортида шилқимлик қилгани учун таксичига уч суткалик маъмурий қамоқ жазоси берилди. Бунинг учун йўловчи унинг устидан ариза ёзиб бериши керак бўлди. Айни пайтда Олма Ота аэропортида фаолият юритувчи ички ишлар бўлими ходимлари йўловчилар билан ишлаб, уларга хирапашшалик қилаётган таксичилар устидан ариза ёзиб бериш зарурлигини тушунтирмоқда.

Мен аэропортдаги шилқим таксичиларнинг сурбетлигига бундан буён ҳам тоқат қилиш учун бирорта ҳам сабаб кўрмаяпман. Келинг, бир ҳисоблаб кўрайлик. Улар 30 киши. Айтайлик, уларнинг ҳар бири кунига бир нечта сайёҳни чув тушириб, 50−60 доллардан ишлаб топишади. Боринг, ана 100 доллар бўла қолсин. Бу эса, нари борса, кунига 3000 долларга тўғри келади. Хўш, мамлакатимиз ёмонотлиқ бўлиш натижасида кўраётган зарар қанча? Мамлакатимизга келмаган барча сайёҳлар бизга қанчага тушяпти? Юз минглаб долларми? Миллионларми?

Ҳисобига етиш ўта мушкул. Ундан кўра, муаммодан юз ўгирмасдан, уни ҳал қилган осонроқ.