14 сентябрь куни Давлат экология қўмитаси, Фанлар академияси Зоология институти ходимлари ва Tugan Falconry Club жамияти вакиллари Тошкент вилоятидаги дашт кенгликларига 7 дона итолғи (Falco cherrug) қушларини қўйиб юборди.

Экоқўмита хабарига кўра, бу қушлар 9 сентябрь куни қўмита ва ичики ишлар ходимлари тезкор тадбирида ноқонуний савдо қилинаётган вақтида олиб қўйилган.

Итолғи қуши Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Қолаверса, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш (CITES) Конвенцияси II иловасига ва Халкаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (МСОП) Қизил китобидан ҳам ўрин олган.

Ҳозирги вақтда бу турдаги қушларнинг Ғарбий Тянь-Шань ва Ҳисор-Олой тоғ тизмаларида, Қизилқум чўлидаги қолдиқ паст тоғларда якка-якка инлари бор. Учиб ўтувчи ва қишловчи турлар бутун республика ҳудуди бўйлаб учраши мумкин. Ўзбекистондан ташқарида: Ўрта Осиё, Қозоғистоннинг жануби, Эрон, Хитой, Афғонистон, Россиянинг Осиё қисми жануби, Шимолий Африкада учрайди.

Фото: Ўзбекистон Қизил китоби

Уларнинг сони 1990 йилларда ноқонуний овлаш туфайли кескин камайиб, тахминан 120−150 жуфтни ташкил қилган. Ҳозирги вақтда мамлакат бўйича 70 жуфт атрофида эканлиги тахмин қилинади:

Устюрт ясси текислигининг жануби ва шарқий қисмида — 7; Ғарбий Тянь-Шань тизмасида — 14; Нурота ва Писталитоғда — 6, Қизилқум чўлида — 12, Туркистон ва Зарафшон тоғида — 4, Ҳисор тоғида — 16, Кўҳитанг — 3, Амударё қайирларида — 5 жуфт. Қишлаш ва учиб ўтиш даврида яна бир неча юзтаси учраши мумкин. Глобал популяцияси 2010 йилда 5,4−15,4 минг жуфт экани қайд қилинган.