Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик бериш имкониятларини қўшимча икки бараварга ошириш чоралари кўриб чиқилади.

Ушбу масала президентнинг 30 августдаги «Ўзбекистон республикаси президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги «Очиқ мулоқоти»да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-364-сон] қарорида акс этган.

Маълумотларга кўра, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг 46 мингдан зиёд лойиҳаларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилган.

Президентнинг 9 июндаги [ПФ-150-сон] фармонига мувофиқ жамғарма томонидан тижорат банклари кредитларига кафиллик кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилиши белгиланган.

Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар олис ва бориш қийин бўлган, шунингдек, меҳнат ресурслари ортиқча ҳудудлардаги кооперация асосидаги тадбиркорларга, бундан ташқари, касаначиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларга ажратиладиган кредитларнинг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган.

«Йўл харитаси»даги вазифалар мазкур маблағлар ҳажмини 2 баробар оширишни кўзда тутади.

Шу билан бирга, кафил сифатида фақатгина жамғарма маблағларини эмас, балки айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, очилган аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизимини яратиш ҳам белгиланган.

Юклатилган вазифалар бўйича чора-тадбирлар режаси ва бошқарув қарори 2022 йилнинг октябрь ойида Иқтисодий тараққиёт (И. Норқулов) ва Молия вазирлиги (Т. Ишметов) ҳамда Марказий банк (М. Нурмуратов) томонидан тақдим этилиши белгиланган.