Обиджон Расуловнинг қоровуллар хонаси деворига бир метрга икки метр ўлчамли Ички ишлар вазирлиги логотипи туширилган календарь ва «Қоровул керак» деган ёзувли қоғоз осиб қўйилган.


Унинг олдига бирин-кетин одамлар келиб, қайсидир офиснинг калитини сўрайди. У эса келганларнинг мақсадларини синчковлик билан ўрганиб, бир «Калит нима учун керак?» деб сўраса, бир «Йўқ» деган жавобни беради. Бироқ, у билан ўзбек анъанавий мусиқаси ҳақида суҳбатлашишингиз биланоқ овозидаги «до» дарҳол «фа»га ўзгаради ва гўёки ҳаёт ноталари янграшни бошлайди. Обиджон Расуловнинг шунчаки бир қоровул эмаслиги ҳақида будкачасидаги токчалардан бирида турган икки дона дафтар ҳам айтиши мумкин. Бу дафлатлар варақларида унинг ўзи ёзган қўшиқлар сақланади.


Обиджон аканинг томирларида мақом оқади. Болалигидаги «Романтик» магнитофонидан доим ўзбек артисти Шерали Жўраевнинг ширали овози янграб турарди. Ёш ўсмир Обиджон радиоприёмник тўлқинлари орқали таралаётган ўз Ватанининг анъанавий мусиқаси — мақом оҳангларидан ҳам баҳра оларди. Шерали Жўраевдан ташқари, ўсмир йигит Исоқ Катаев, Муҳаммаджон Каримов, Очилхон Отахонов каби санъаткорларнинг композицияларини ҳам севиб тинглар эди. Обиджон уларнинг барчасини ўз устозлари деб атайди.

Бироқ ўз отаси ва акаларини энг асосий устозлари деб ҳисоблайди. Бу унга санъат сирларини ўргатганлари учунгина эмас, балки ўз акаларининг дутор ва рубобдаги ижроларини соатлаб кузатгани учун ҳам шундай. Обиджон болалигида акаларининг ижроларини кузатар, улар уйда йўқ вақтлари яширинча рубобни олиб, машқ қиларди. Бу ишни шу қадар иштиёқ билан бажарар эдики, ҳатто тез-тез торларини узиб қўяр, буни пайқаган акасидан таёқ ҳам оларди.


Шундай бўлса ҳам, бу унинг мусиқага бўлган қизиқишини сўндирмади. Обиджон «Романтик»ни тинглашда давом этар, қўшиқ айтишни ўрганиш мақсадида Шерали Жўраевнинг қўшиқларини кассетага ёзиб олади. Вақт ўтиши билан акалари уни тузатиб бўлмаслигини тушунишди. Улар қила оладиган ягона нарса унга тўғри йўл-йўриқ бериш эди. Саккизинчи синфда Обиджон ўқишни мусиқа билан уйғунлаштирди: акалари билан тўйларда чиқиш қила бошлади. Ва улардан бирининг тўйида у қўшиқ куйлади, буни фахр билан эслайди.

Обиджон Расулов халқ артисти сифатидаги йўлини Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида давом эттиришга қарор қилди. Ёш Расулов дутор, рубоб, доира ва фортепиано чалишни аллақачон ўрганганига қарамасдан, мусиқа йўналишини эмас, балки маъмурий-ижодий йўналишни танлади ва шу боис маданий-маърифий ишлар факультетига ўқишга киради. Биринчи йилдан сўнг йигит ҳалигача хотирасидан чуқур ўрин эгаллаган Ленинград шаҳрига армияга хизмат қилиш учун юборилди.

Обиджон Расулов скрипка ва тор чалишни ҳам билади.

Ўзбек маданиятида мақом мусиқа жанри деб ҳисобланилади. Мусиқашунос, фан доктори Александр Жумаев ўзининг онлайн маърузасида мақомни «канонлаштирилган (қоидалаштирилган — тарж.) методик мусиқалар тизими» деб тушунтиради. Мақомнинг бир тури саналган «шашмақом» атамасини тез-тез эшитиш мумкин. Бироқ Александр Жумаев ўз интервьюларидан бирида аниқлик киритганидек, Бухоро шaшмақоми ва Фарғона-Тошкент мақом анъаналари синтези асосида ХХ асрда Ўзбекистонда умуммиллий шaшмақом шаклланган. Шу билан бирга, Бухоро шашмақомига мустақил мақом тури сифатида ҳам қараш керак. Бугунги кунда ушбу жанрнинг тўрт турини ажратиш одат тусига кирган: бухоро, хоразм, фарғона-тошкент ва ўзбек.

Анъанавий мусиқий жанр икки шаклга эга: репертуар ва канонлаштирилган. Бугунги кунда биринчи шакли кенг тарқалган, иккинчиси эса авваллари саройларда ижро этилган ва XX асрдаёқ урфдан қолган. XV-XVI асрларга оид ҳужжатларда мақом тўғрисидаги тарихий маълумотларни учратиш мумкин, бироқ тарихчилар мусиқа жанрининг пайдо бўлишининг аниқ санасини аниқлаш қийинлигини таъкидлайдилар.

Айни пайтда шашмақомни канонлаштириш ва стандартлаштириш билан жадид Абдурауф Фитрат ва фольклоршунос Виктор Успенский шуғуллангани маълум. Юнус Ражабий ҳам шашмақомнинг канонлаштириш тарихида асосий рол ўйнаган. У маълумотларни тўплаб, шашмақомни хатга туширди. Олти жилдлик «Шашмақом»ни ёзган Юнус Ражабий ортидан нафақат улкан маданий меросни, балки таълим тизимини ҳам из қолдирди — бугунги кунда Ўзбекистон мусиқий таълим муассасаларида унинг асарлари асосида мақомдан сабоқ берилмоқда.

Мақом анъанаси ҳофиз деб аталувчи издошлари шарофати билан яшаб келмоқда. Бундан ташқари, мақомнафақат нафақат эркаклар, балки аёллар томонидан ҳам ижро этилади. Таниқли хонандалар орасида Барно Исхоқова, Муножат Йўлчиева, Нодира Пирматовалар бор. Обиджон Расулов машҳур ижрочилардан бирига айланмаганига қарамай, у ҳам ҳофиздир. У Фарғона-Тошкент мақоми ижрочиларидан бири ҳисобланади.

Обиджон ака тарихни ҳам, амалиётни ҳам яхши билади. Тўққиз йил давомида ҳар куни эрталаб Тошкентдаги 49-умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси бўлган, тушдан кейин эса «Феруза» маданият саройида дарс берган. Обиджон ака дарсларига талаб катта бўлгани учун мактабда кечки тўгарак ҳам ташкил қилганини айтади.

Фото: Обиджон Расуловнинг шахсий архивидан.

Вақт ўтиши билан ўқитувчилик унга оғирлик қилишни бошлади. Ҳар куни эрталаб наҳорги тўй оши пишириш, кечқурунлари байрам концертларида ижро этишни биргарликда амалга ошириш қийин бўлгани учун Обиджон Расулов ўзини ИИВ ансамблида синаб кўрмоқчи бўлди, лекин у ерда унга жой топилмади. Бироқ кадрлар бўлимида ҳофизнинг саводхонлиги ва ёзувчилик маҳоратини юқори баҳолаб, унга маъмурий иш таклиф қилишди.

Обиджон Расулов Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги тадбирда қўшиқ куйламоқда. 1999 йилнинг сентябрь ойи. Фото: Обиджон Расуловнинг шахсий архивидан.

Обиджон ака бу лавозимда бир йил ишлаб, сўнг Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қароргоҳини қўриқлашга ўтди ва 22 йилини шу ерда ўтказди. У қилган хизматлари эвазига мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган юртдошларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланди.

Гарчи парваришга муҳтож кўплаб иқтидор эгалари тақдири уни ўйга толдирса ҳам, ижрочи мусиқа ва ўқитувчиликни ташлаб кетганидан кейин ўз ҳис-туйғуларини ижобий деб таърифлайди. Ҳофиз йўқотиш азобини ҳис қилмаса керак, чунки иш вақтидан ташқари тўй-ҳашамларда ижро этиб келаётгани туфайли унинг томирларида ҳамон мусиқа оқмоқда. Аммо, эҳтимол, у ҳис-туйғули инсон сифатида кўринишни истамас ва шунинг учун, турмуш ўртоғи Гулшан Ҳасанова айтганидек, у ўз пушаймонлигини очиқ-ойдин намойиш этмас.

Обиджон Расуловнинг турмуш ўртоғи Гулшан Ҳасанова.

Гулшан Ҳасанова ўз турмуш ўртоғини ҳаммадан яхшироқ ҳис қилади. Унинг чиқишларини биринчи марта ота-онасининг уйига янги келин бўлиб келганида эшитган. Ўша вақтда 18 ёшда эди. Modern Talking қўшиқларини тингловчи авлодга мансуб қиз ўзбек миллий мусиқасидан анча узоқ эди. Аммо у турмуш ўртоғини қанчалик кўп тингласа, мақомга шунчалик кўп ошно бўлиб борди. Ҳозир Обиджон ака кўзларини юмганча тор чалар экан, Гулшан кечалари унга мақом куйлаб берган эрининг овозига ухлаб қолган ҳомиладорлик вақтларини беихтиёр хотирлайди.

Жуфтликнинг 30 ёшни қарши олган ўғли Бобур она қорнидалигидаёқ мақом тинглашни бошлаган. Гулшан Обиджоннинг мусиқий истеъдоди уларнинг ўғлига ўтганига ишончи комил. Аёл ўғли ва турмуш ўртоғи дуэт бўлиб: ҳофиз торда, Бобур эса скрипкада ижро этаётганларини кўрганини энг кўп ғурурланади. Уларнинг мусиқасини оиланинг қўшнилари ҳам тинглашади.

«Шовқин учун бизни ҳеч ким айбламади, — дея аниқлик киритди Гулшан ва кейин қўшиб қўйди. — Авваллари [мусиқамиздан] хижолат тортардик, ҳозир эса йўқ, чунки Обиджон аканинг ижроси қўшниларга ҳам ёқади».


Бир куни ҳофизнинг оиласи тўлиқ таркибда Самарқандга отланишди. Регистон майдонига борган Гулшан «Шарқ тароналари» мусиқий фестивалини кўз олдига келтирди: ёрқин, муҳташам. Созандалар орасида ўз ўғли Бобурни ҳам созандалар орасида тасаввур қилди — аёл ўғлининг омадли мусиқий каръераси бўлишини жуда-жуда истайди. Бугун у Нурафшон мактабида мусиқа фанидан сабоқ беради, бир пайтлар ота сингари у ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими либосини кийган, тизимда ишлашнинг мураккаб жиҳатларини яхши англаб етган.

Қоровул бўлиб ишлаш осондек туюлиши мумкин. Аммо Обиджон Расулов ИИВдаги хизматини эслаб, шундай дейди: кунига уч соат ухлаш керак бўлса, уч соат ухлайсан. Уйқу режимидаги бундай ўзгаришлар Обиджон ака учун биринчи президент қароргоҳида хизмат қилган йиллари одат тусига кирган — бугун «Газета.uz» офиси олдидаги хизматида ҳам ўшандайлигича қолган.

Обиджон Расулов бир пайтлар ИИВда унга мансаб ва погон таклиф қилишгани, лекин у рад жавобини берганини эслайди. Иш тартиби — ҳар икки кунда бир сутка — тўйларда мақом куйлашига имкон берарди. У мусиқани погонларга алмаштира олмади ҳамда бу ҳақда фахр ва тақдирга миннатдорчилик ҳисси билан гапиради.


Бу йиллар давомида мусиқа унинг оиласини боқди ва кийинтирди. Мусиқа унга уй қурди, болаларини уйли-жойли қилди, уларнинг шартномаларини тўлаб берди. Тўйларнинг ҳам ўзига яраша ёқимсиз томонлари ҳам борлигини тан олади: мақомнинг қадрига етмайдиган маст одамлар унинг жаҳлини чиқаради. Тўйлар ҳовлиларда ўтказилган, ҳофизларга чин дилдан қулоқ тутган даврларни яхши эслайди. Бироқ ҳаётида мусиқанинг борлиги ижодий фаолиятидаги барча қийинчиликларидан устундир.

«У ерда чарчоқ сезилмайди, чунки ўз ишинг билан шуғулланяпсан», — дейди ҳофиз. Обиджон Расулов учун мақом — оғир руҳий ҳолатнинг давоси. Оғир кундан сўнг мақомнинг ғамгин, аммо фалсафий оҳангларини тинглаб, одамлар таскин топишига ишончи комил. Гулшан эса турмуш ўртоғининг мусиқий қобилиятига бошқачароқ таъриф беради.

«Мақом, бу — дард», — дейди у.


Ундан турмуш ўртоғи мақом ижро этаётганида қалбида қандай туйғулар кечиши ҳақида сўраймиз. У бўлса жимгина йиғлашни бошлайди ва шарқона қилиб: «ўзингиз ҳам биласиз-ку», — дейди табассуми ҳаёт синовларидан шўрланган кўз ёшларига айланар экан. Ҳаётнинг мураккаб эпизодларини тилга олмаслик тўғрисидаги қарорини ҳурмат қилган ҳолда фақатгина «Биламан», дейиш қолади, холос.

Ҳофизнинг маҳорати нафақат тўғри ижро, балки анъаналарни сақлашидан ҳам иборат, ахир Обиджон Расулов оддийгина қоровул эмас, у — мақом қўриқчиси ҳамдир.