Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмаларни яратиш ва ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга бўлган қуёш фотоэлектр тизими орқали маҳаллий электр тармоғи билан параллель ҳолда ишлайдиган электромобилларни тез зарядлаш қурилмаси ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш керакки, ҳар бир тизим йилига 32 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобни зарядлаш имконияти яратилади ҳамда 11,2 минг куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 19,8 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги KOICA марказида ўқувчилар томонидан электромобиль яратилган эди. Унинг тезкор қувватланиши учун машинанинг юқори қисмига куёш панели ўрнатилиши режа қилинган.