Самарқанддаги KOICA касб-ҳунарга ўқитиш марказида электромобиль яратилди. Ушбу ихтиронинг ўзига хос томони унинг барча деталлари марказ ўқувчилари томонидан ясалганлигида, дея хабар берилади Zamon.uz каналида.

«Бу электромобилни талабаларимиз қўл меҳнати асосида, токарлик-винт қирқиш станоклари ёрдамида ясашган. Қувватлаш учун ҳозирча 6−7 соат кетяпти, аммо бу жараённи такомиллаштириб, улов тепасига ўзини ўзи қувватловчи батарея ўрнатишни режалаштирмоқдамиз», — дейди марказ ўқитувчиси Шарофиддин Жумабоев.

KOICA’нинг Ўзбекистондаги лойиҳа менежери Лее Санг Сеогнинг сўзларига кўра, касб-ҳунарга ўқитишга ихтисослаштирилган марказ томонидан 2017 йилда бошланган лойиҳанинг 2 қисмига старт берилган. Бунинг натижасида Самарқандда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган тажрибали мутахассислар сони ортиши кутилмоқда.

Маълумот берилишича, 2016 йилда ташкил этилган ушбу марказда бугунга қадар 3 мингга яқин ишсиз аҳоли ўқитилган.

Марказ ҳақида

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг дастлабки маркази Вазирлар маҳкамасининг 2007 йилдаги қарорига мувофиқ Тошкентда ташкил этилган.

Марказларнинг асосий вазифаларига иш билан вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан умумтаълим мактабларини, академик лицейларни тамомлаган ва доимий ишга эга бўлмаган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш киради.