Навоий вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда 10 сентябрь куни «Навоий вилояти Кармана тумани 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида кўп сонли болалар оммавий заҳарланибди. Овқат ёки сувдан заҳарланиш бўлгани ҳақида тахминлар бор» номли тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 9 сентябрь куни соат 17:00 да Кармана туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 10 нафар вояга етмаган умумий ҳолсизлик, қусиш ва ич кетиши каби клиник белгилар билан ётқизилган. Ушбу белгилар бўйича беморларга туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлими томонидан «ошқозон-ичак фаолиятини бузилиши» ташҳиси қўйилган.

Уларнинг 9 нафарига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва аҳволи қониқарли бўлганлиги сабабли, касалхонадан чиқарилган (1 нафар вояга етмаганга бошқа касаллик аломатлари ўткир респератор, юқори нафас йўлларининг шамоллаши ташҳиси билан даволанмоқда).

Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Экспертиза текшируви учун тегишли намуналар олиниб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Терговга қадар текшириш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда