Финляндиянинг Марказий Осиёдаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Илкка Райсанен ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска БМТТД ва Ўзбекистон ҳукуматининг қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.

Ташкилот матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва самарали бошқарувнинг барқарорлигини таъминлашда қўллаб-қувватлаш БМТТД учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади, чунки бу БРМ ва 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш учун стратегик шартдир.

Қиймати 1,5 млн евро бўлган лойиҳа аҳолининг энг заиф қатламларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда одил судловдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга эътибор қаратади. Миллий ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқиладиган янги лойиҳа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари, адвокатлар ассоциацияси, юридик академик ҳамжамият ва бошқа манфаатдор томонларнинг кенг ва фаол иштирокида уч йил муддатда қуйидаги учта асосий устувор йўналишга эътибор қаратган ҳолда амалга оширилади:

  • бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказларини қўллаб-қувватлаш ҳамда «Бепул юридик ёрдам тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни жорий этиш орқали бирламчи ва иккинчи даражали бепул юридик ёрдам кўрсатишни кенгайтириш орқали аҳолининг энг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • Омбудсман марказий аппарати ва ҳудудий вакилларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини илгари суриш, таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича салоҳиятини ривожлантириш;
  • фуқаролик жамиятининг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини илгари суриш учун салоҳиятини кучайтириш.

«Эндиликда, «Янги Ўзбекистон» трансформациясининг дастлабки босқичида мамлакатнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш вақти келди. Уларнинг кўпинча турли сабабларга кўра ҳуқуқларини амалга оширишда тўсиқларга дуч келишлариниг сабаблари ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги, ҳудудларнинг узоқлиги, юридик хизматларнинг юқори нархи ва бошқалар бўлиши мумкин», — дейилади ташкилот хабарида.