31 август куни Тошкент ҳайвонот боғига аэропортдан ноқонуний олиб ўтилаётганда аниқланган 57 та Нил тимсоҳчалари олиб келинди.

Мисрдан учиб келган фуқаро жониворларни мева ва сабзавотлар орасида фольга қоғозга ўралган пластик идишларда солиб, ўтказмоқчи бўлган. Тошкент ҳайвонот боғининг маълум қилишича, янги туғилган ҳайвонларни ваҳший йўл билан ташиш уларнинг соғлиғига жиддий зарар етказган.

Боғ маъмурияти кичик тимсоҳчаларни қабул қилган вақтида улар ўта абгор, баъзилари жуда заиф ҳолатда бўлганини қайд этди.

«Ҳозирда улар бизнинг ходимларимиз томонидан қаттиқ ҳимояга олинган махсус жойларда сақланмоқда ва зарур иссиқлик, ёруғлик, ҳамда озиқ-овқат билан таъминланган. Биз уларни гўшт бўлаклари, балиқ, янги туғилган сичқончалар, майда балиқ ва ҳашаротлар билан боқяпмиз», — дейилади хабарда.

Чақалоқлар ўсиш ва ривожланиш динамикасини кузатиш ва назорат қилиш мақсадида тарозида тортилиб, ўлчанди. Боғ маъмурияти жониворлар бақувват бўлиб улғайиши ва ташриф буюрувчиларга намойиш этилишига умид билдирди.

Нил тимсоҳлари ер юзидаги энг катта судралиб юрувчилардан бири. Улар улкан ҳажмга эга (5−6 м ва ундан юқори). Улар барча ҳайвонот боғларида ҳам сақланмаслиги мумкин, чунки ушбу тимсоҳлар ҳаёти учун кенг сув омбори ва малакали парвариш зарур.

Тошкент ҳайвонот боғида исроилликлар совға қилган Адам лақабли Нил тимсоҳи бор, унинг ўлчами, ҳозирда тахминан 3 метрга етади.

Фото