7 сентябрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиё журналистлари билан видеоалоқа орқали матбуот анжумани ўтказди. Учрашувда Ўзбекистондан «Газета.uz», Kun.uz, Repost.uz ва Yep.uz нашрлари вакиллари иштирок этди.

Суҳбат аввалида Дмитрий Кулеба Украина доимо Марказий Осиё давлатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга қатъий қарор қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташқи ишлар вазири этиб тайинланганидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар уюштиришни режалаштира бошлаган.

«Бундан олдин мен фақат шахсий мақомда Қозоғистонда бўлганман. Менда Қозоғистон ҳақида илиқ таассуротлар бор. Доимо Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистонга ташриф буюришни, маданиятингиздан, ошхонангиздан баҳраманд бўлишни, гастролингиз билан муносабатларга янги ижобий динамика беришга ҳаракат қилишни орзу қилардим. Кейин уруш бошланди», — деди у.

«Урушдан кейин биз алоқаларни аввалги даражасига қайтарамиз, одамлар ўртасидаги алоқа, талабалар алмашинуви, инфратузилма лойиҳалари ва савдо-сотиқни тиклай оламиз, деб чин дилдан умид қиламан. Яъни, нормал давлатлар тинчлик даврида бир-бирига ёрдам бериш ва ўзаро ҳурмат ҳамда миллий манфаатлар тамойиллари асосида биргаликда ривожланиш учун қиладиган барча ишни амалга ошира оламиз», — дея таъкидлади Дмитрий Кулеба.

Қуйида вазирнинг онлайн учрашувидан тўғридан-тўғри иқтибослар келтирилган.

Уруш ҳақида

Украинага ҳужум қилиб, Россия оғир жиноятга қўл урди. Ўйлайманки, бу урушда рус қуролларидан ҳалок бўлган 382 нафар боланинг ўлдирилишини ҳеч нарса оқлай олмайди, деган фикрга қўшиласиз. 24 февралдан бери қанчадан-қанча болаларимиздан айрилиб қолдик. Бунда ҳали ҳам Россия ўз ҳудудига олиб келган 1000 нафар украиналик янги туғилган чақалоқлар ҳисобга олинмаган, [у ерда] улар рус оилалари орасида мажбурий равишда тақсимланади.

Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон босқин пайтида рус қўшинлари томонидан содир этилган жиноятларнинг 32 мингдан ортиқ ҳолатини қайд этган. Ва бу рақамлар, афсуски, ўсишда давом этмоқда.

Яширмайман, ҳозир Украина учун жуда қийин. Аммо, асосийси шундаки, биз биринчи ва энг даҳшатли зарбага дош бердик, бу зарбадан барча ҳисоб-китобларга шу жумладан шерикларимизнинг ҳам, Украина енгилиши керак эди. Аммо Украина чидади, [Россия президенти Владимир] Путин муваффақиятсизликка учради ва сизни ишонтириб айтаманки, у қанчалик хаёл қилмасин, Украина энди ҳеч қачон парчаланиб кетмайди.

Нега? Чунки бутун украин халқи рус босқинчиларига қарши кураш учун кўтарилди. Тарихда ҳеч ким халққа қарши урушда ғалаба қозонмаган. Украиналиклар рус танкларидан қочиш ўрнига ҳарбий хизмат кўрсатувчи комиссияларда саф тортдилар. Кенг кўламли уруш бошланганидан буён армиямиз беш баробардан кўпроққа ўсди.

Биз аллақачон мамлакат шимолидан босқинчиларни қувиб чиқаришга муваффақ бўлдик, уларни ўз юртимиздан бошқа йўналишларда, биринчи навбатда жануб ва шарқда қувиб чиқаришда давом этмоқдамиз. Ҳеч ким бу осон бўлади демайди. Ҳар бир қадам катта қийинчилик билан босилади, лекин биз бу йўлдан ўтамиз.

Музокаралар ва тинчлик ҳақида бир неча сўз. Шуни таъкидлашни истардимки, Украина ҳеч қачон урушни хоҳламаган. Биз Россия телевидениесида нима деса ҳам, ҳеч кимга ҳужум қилишни режалаштирмаганмиз. Нега биз кимгадир ҳужум қиламиз? Бизга ҳеч қачон бегона ер ёки чет эл ресурслари керак эмас. Бизда ҳамма нарса бор. Ва биз ҳеч қачон, яна ҳеч қачон ўз ерларимизни босқинчиларга бермаймиз ва Россия армияси Украина тупроғига олиб келган қотилликлар, зўрлашлар, талон-торожлар, қийноқлар ва бошқа даҳшатли жиноятларни ҳеч қачон кечирмаймиз.

Мен сизни рус манбаларидан олинган маълумотларга танқидий муносабатда бўлишга чақираман. Бугунги кунда Россия жиноятларда жавобгарликдан халос бўлиш учун ўз операцияларини яширишда ташвиқотдан фойдаланмоқда. Аммо бугун Кремлнинг тажовузкор сиёсатига кўз юмган ёки бунга қандайдир асос топа олган, аслида Россияни ўз уйига таклиф қилган бўлади. Ишончим комилки, барча синовларга қарамай, Украина бардош беради ва ғалаба қозонади.

Марказий Осиё давлатларининг Украинадаги ҳарбий амалиётларга муносабати ҳақида

Нега президент Путин Марказий Осиёда қўл бериб кўришишда давом этмоқда? Чунки, шубҳасиз, сизнинг раҳбарларингиз, ҳукуматингиз Россия дўст эмас, таҳдид эканлигини ва у билан имкон қадар эҳтиёткор бўлишингиз кераклигини тушунади.

У ёки бу давлатга Россия билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар беришга маънавий ҳаққим йўқ. Аммо мен мутлақо хотиржамлик билан, тўлиқ маънавий ҳақ билан айтишим мумкинки, миллий манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда Россиядан қўрқишни бир четга суриб қўйишингиз керак. Биз бу йўлдан ўтдик. Бу жуда оғриқли. Лекин буни ҳаммамиз тушунишимиз керак.

Умид қиламанки, сиз ҳам буни тушунасиз, Россияда давлатингизни йўқ қилиш учун биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ, у бизникини йўқ қилишга уринганидек, бундан фойдаланади. Улар сизни сунъий шаклланган дея ҳисоблайди. Путин Украина ҳақида нима деса, эртага Қозоғистон ҳақида ҳам гапира бошлаши мумкин — ўзингиз биласиз, Россия Қозоғистонда, Ўзбекистонда, Қирғизистонда, Тожикистонда қандай жараёнларни олға сурмоқчи эканини. Москва ҳали ўтиб бўлмайдиган ўрмон бўлган вақтларида пайдо бўлган сизнинг минг йиллик маданиятга эга, илм-фан ва фалсафа марказлари гуллаб-яшнаган, халқингиз улар учун муҳим эмас. Шундай экан, Россия сизни заифлаштирмасин ва Россия сиздан фойдаланишига йўл қўйманг.

Санкциялар ҳақида

Биз Россия Федерациясининг бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари орқали санкцияларни четлаб ўтиш механизмларини ўрнатишга бўлган барча уринишларини яхши биламиз. Ва биз Россия сиздан фойдаланмаслиги учун сизларнинг ҳукуматингиз билан ҳам мустақил, ҳам шериклар билан ишлаяпмиз, шунда ҳеч қандай ҳолатда сиз бу ҳийла-найрангга тушиб қолмайсиз.

Чунки Россияга ўз жиноятлари учун жорий қилинган санкциялар босими механизми янада кучаяди. Ҳозир эса биз нафақат янги санкцияларни қўллашга, балки санкцияларни четлаб ўтиш устидан назоратни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Қаранг: ҳатто нуфузли Хитой компаниялари ҳам Россия билан ишламаяпти, чунки улар санкциялар остида қолишлари ва кўпроқ йўқотишлари мумкинлигини тушунишади.

Бу борада сиз жуда эҳтиёт бўлишингиз ва Россияга санкцияларни четлаб ўтишига ёрдам бериш қандай фойда келтиришидан қатъи назар, бундай ҳаракатларга жавобан кўриладиган чоралардан кўрилган йўқотишлар анча юқори бўлишини тушунишингиз керак. Мен ҳозир сизлардан ҳеч қайси давлат Россияга санкцияларни четлаб ўтишида ёрдам беряпти, демаяпман… Фақат сиздан фойдаланишларига йўл қўйманг.