Қорақалпоғистонда июл ойи бошидаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон Тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналардаги шароитларни ўрганди. Бу ҳақда омбудсман офиси матбуот хизмати хабар берди.

Комиссияни бошқарадиган омбдусман Феруза Эшматова ва бошқа комиссия аъзолари ҳибсхонада сақланаётган шахслар, шу жумладан ушбу воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича асосий айбланувчилардан бири Даулетмурат Тажимуратов билан суҳбатлашди.

«Учрашув давомида Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Даулетмурат Тажимуратовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган. Овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.

«Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлди», — дея қайд этди комиссия.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий намойишлар юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида 14 нафар шахснинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Даулетмурат Тажимуратов ва Азамат Турдановга нисбатан «Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан» жиноий иш қўзғатилган. Уларга нисбатан суд қарори билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Лолагул Қаллиханованинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланган, шу боис у жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди.

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда 1 ва 2 июль кунлари республика аҳолисининг Қорақалпоғистон мақоми билан боғлиқ Конституцияга таклиф этилган ўзгартиришлардан норозилиги фонида оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Бунга қадар эса бир неча кун давомида республикада интернет ўчириб қўйилди.

1 июль куни Даулетмурат Тажимуратов масжид олдида чиқиш қилиб, Жўқорғи Кенгесга 5 июль куни «Қорақалпоғистон озодлиги учун тинч, ташкиллаштирилган» митинг ўтказишни сўраб мурожаат қилганини айтди. Шу куниёқ у ҳибсга олинди. Кечга яқин уни қўйиб юборишди, бироқ кейин яна ҳибсга олишди.

2 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга ташриф буюриб, «Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», дея таъкидлади. Шундан сўнг Қорақалпоғистон мақоми тўғрисидаги ўзгартишлар муҳокамадан олиб ташланди.

Август охирида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг янги раиси этиб Аманбай Оринбаев сайланди. У мазкур лавозимда Қорақалпоғистонни 2 йилдан камроқ бошқарган Мурат Камаловнинг ўринин эгаллади.