Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида сўзга чиқиб, депутатларнинг ўзлари Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартиришга оид таклифни киритгани ва маъқуллаганини танқид қилди. Бу акс этган видеоёзувни давлат раҳбарининг матбуот хизмати эълон қилди.

«Салгина эътирозим. Мана шу ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар», — деди у.

«Мен ҳар доим очиқман-ку. Нимага менга одамлар норози деб, телефон қилиб айтмадинглар. Мен ҳам одам-ку. Менга ҳам Қорақалпоғистонни эртанги куни, тинчлиги керак-ку. Шунча қилган меҳнатимизни энди, шарманда қилиш кимга керак?», — дея савол билан юзланди президент.

«Мақсад-муддаомиз нима ўзи?, — дея сўзида давом этди у. — Мақсадимиз эмин эркин яшаш. Ҳар бир одам ўзини эркин тутиши, миллатидан, элатидан, тилидан, динидан қатъий назар Ватанимизда эмин-эркин яшаш».

«Конституцион ислоҳот фақат халқнинг эртанги кунини яхши қилиш учун. Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Шунинг учун ҳар бир депутат яна бир марта ўзининг таклифини айтсин. 70, 71, 72, 73, 74, 75-моддаларга биронта ўзгартириш киритилмайди», — деди давлат раҳбари.

Алоҳида нутқлар ва флешмоблар билан бошланган республика аҳолисининг норозилиги 1 июль куни Нукус марказида оммавий намойишларга айланиб кетди. Вафот этганлар ва жароҳатланган ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июль куни соат 00:01 дан 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди. ФВ даврида соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амалда бўлади. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон Республикаси коменданти этиб тайинланди. Қорақалпоғистонга кириш ва ундан чиқиш чекланди. Барча оммавий тадбирлар тақиқланди.