Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳри ва Сурхондарёда вилоятида гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида «Матиз» автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар хориж фуқаросига тегишли 23 кг 52 гр «опий» ва 30 кг 122 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатга ўтказилган.

Бошқа бир ҳолатда эса муқаддам хорижда оғир жиноят содир этгани учун қамоқ жазосини ўтаган, Денов туманида яшовчи фуқаро (1966 й.т.) бошқарувидаги «Ласетти» Термиз шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда ҳам афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган 39 кг 520 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди.

Учинчи ҳолатда эса Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс (1967 й.т.) ўзининг яшаш хонадонида 2 кг 396 гр «опий» моддасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланди ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 25 кг 448 гр «опий» ва 69 кг 642 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.