Тошкент метрополитени сентябрь ойидан ўқув йили бошлангач метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ошиши кутилаётганини маълум қилди.

Прогнозларга кўра, сентябрь ойида уларнинг сони бир кунда 550−580 минг, октябрь ойида эса 600 мингга етади. Ўқиш йилининг илк кунида йўловчилар сони кескин кўпайиб, кассаларда узун навбатлар пайдо бўлди.

«Шу сабабли, юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, пойтахт метрополитени томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунда йўловчилар метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

«Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поездан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади», — дея қайд этди метрополитен.

Таъкидланишича, буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, метродан доимий фойдаланувчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали қилса, ўз вақтларини тежайди ва касса олдида тирбандликни камайтиради, дейилади хабарда.

Мазкур қоидаларга риоя қилган ҳолда йўловчилар метрополитен фойдаланувчиларига «хавфсиз ва маданий хизмат кўрсатишга ўз ҳиссаларини қўшишлари» мумкин, дейилади мурожаатда.