Президент қарори билан Нозимжон Қосимович Холмуродов Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар, 2021 йил январь ойидан бери у Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодий масалалар ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Нозимжон Холмуродов 1977 йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. 1998 йилда Туркиянинг Гази университетини, 2005 йилда эса Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

1998−2001 йилларда Ўзбекистон Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг корхоналар мониторинги ва молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш бўлими етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2001−2005 йилларда Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг Корхоналар мониторинги ва молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш бўлимига раҳбарлик қилган.

2005−2006-йилларда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг Монопол ва иқтисодий ночор корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2006−2010 йилларда Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

2010−2013-йилларда Тошкент шаҳар Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2013−2015-йилларда Давлат рақобат қўмитасининг иқтисодий ночор корхоналарни молиявий-иқтисодий таҳлил қилиш ва таркибий ўзгартириш бўлимига раҳбарлик қилган.

2015−2017 йилларда Меҳнат вазирлиги Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2017−2018 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

2018−2019 йилларда президент Администрациясининг Инвестиция жараёнлари ва дастурларини мувофиқлаштириш бўлимига раҳбарлик қилган, 2019−2021 йилларда эса Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Нозимжон Холмуродов янги лавозимида давлат инвестиция дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш, геология, кончилик, металлургия, машинасозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил ва электротехника соҳаларини ривожлантириш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, тармоқлар, агросаноат комплекси ва қишлоқ хўжалиги, ижтимоий сектор ва фармацевтика саноати ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, банк-молия секторининг сармоявий ва иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ҳудудларни ривожлантириш ва экспортни яхшилашга масъул этиб белгиланди. Шунингдек, президент ва ҳукумат қарорлари, қонун ҳужжатлари билан юкланган бошқа функция ва вазифаларни ҳам бажаради.

ИТСВ раҳбарининг аввалги биринчи ўринбосари Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган эди