Бухоро шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими лавозимига Ботир Зарипов тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда депутатлар президент томонидан тавсия этилган Ботир Зариповнинг номзодини қўллаб-қувватладилар.

«Вилоятни бошқариш, одамларни сафарбар қилиш осон иш эмас. Буни Зариповнинг ўзиям тушуняпти. Мен уни турли лавозимларда синаганман, охирги уч ойда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизлар ҳам синадингиз. Бухоронинг сувини ичиб, чангини ютиб улғайган йигит вилоят шароитини яхши билади. Энг муҳими, бухороликларни яхши кўради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Б.Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016−2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган.

Халқ депутатлари, оқсоқоллар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

«Бухорои шарифдек жойга, унинг буюк халқига раҳбар бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ана шу ишонч доим қулоғингиз остида турсин. Кунлар, йиллар шиддат билан ўтади. Агар бухороликлар „вилоятимизга тўғри кадр келган экан“, деб рози бўлса, мен ҳам ўзимни бахтиёр сезаман,» — деди президент.

Ботир Зарипов 2020 йил 7 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Унгача у «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси раиси лавозимида фаолият олиб борган.

Бундан ташқари, бунгача Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов Бухоро ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бухоро ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров эса Вобкент тумани ҳокими тайинланди.