2022 йил 29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати.

Унда халқ вакиллари Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Азиз Воитов номзодини кўриб чиқиб, маъқуллашди. У мазкур лавозимда 16 июль куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига ўтказилган Жамшид Ходжаевнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот учун, Азиз Воитов 1980 йилда туғилган, Тошкент молия институтини (2001 йилда) «Солиқ ва солиққа тортиш» мутахассислиги бўйича битирган ҳамда Олий ишбилармонлик мактабида (2010 йилда) «Бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган.

У 2000−2017 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида турли лавозимларда, 2017−2020 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

Азиз Воитов 2020 йилнинг 10 мартдан то ҳозирги кунга қадар инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.