Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 29 август куни Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимга президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳайкални очиб берди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, шу йўлда азиз жонини қурбон қилган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди», — деди давлат раҳбари.

Бўйи 25 метрни ташкил этадиган ҳайкалда Жалолиддин Мангуберди тулпор жиловини маҳкам тутиб, эл-юрт ҳимоясига отланиб тургани тасвирланган. Султоннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган.

Шунингдек, ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилган. Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 кг, баландлиги 30 см бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади. Мажмуа ўрин олган қарийб 8 гектар майдонда Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчаларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Ушбу майдон остидан ўтадиган автомобиль туннели барпо этилган. Ҳудудга 18 мингга яқин манзарали дарахтлар, гуллар ва буталар экилган.

Президент буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уни халқ, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, шундай изланишлар туфайли Туркиянинг Силван шаҳрида унинг қабри топилган. Давлат раҳбари у ерда рамзий мақбара бунёд этиш таклифини билдирди.

«Чақмоқдек қисқа умри мобайнида ўзбек халқига хос бўлган Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятни намоён этиб яшаган Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди. Ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Маросимда Миллий гвардиянинг Фахрий қоровул таркиби «Жалолиддин Мангуберди» марши садолари остида ҳайкал олдидан тантанали юриб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев саркарда битиктошига гулчамбар қўйди.

Фото