Ҳамкасбини пичоқлаб қўйган Маданият вазирлигининг собиқ ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

8 апрель куни вазирлик ходимлари ифторлик учун Олмазор тумани Тахтапул дарвоза кўчасидаги чойхонада йиғилган. Шу вақтда Маданият вазирлигининг спорт тарғибот касаба уюшмаси раиси лавозимида ишлаган 38 ёшли шахс ва унинг ҳамкасби актёр Фарҳод Бадалов ўртасида жанжал келиб чиққан.

«Ишхонада тадбирлар уюштириб турардим-да. Ўша вақтда кимдир раҳбариятдан одам келди, деди. Шуни кутвогани чиқиб кетаётганимда, [судланувчи] уят гаплар билан сўкиниб, бир-икки марта урворди», — деди жабрланувчи.

Фуқаро ҳамкасбини қасддан ўлдириш мақсадида ошхонадан пичоқ олиб чиққан ва чап кўкрак қафасига тан жароҳати етказган. Атрофдагилар уларни ажратиб олишган. Фуқаро бу вақтда ўзини йўқотиб қўйгани, пичоқни қандай олганини ҳам билмай қолганини айтган.

«Биз у билан аввалдан иноқ эдик. Бир-биримиз билан қаттиқ ҳазиллашамиз. Ҳаммадан: президентимиз, вазирлик ва унинг оиласидан кечирим сўрайман. Балки асабдир бу», — деган у.

Шундан сўнг, жароҳатланган бошқарма бошлиғи Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонага олиб борилган. Суд тиббий экспертиза унинг танасида оғир тан жароҳати борлигини аниқлади.

Жабрланувчи билан масофавий суҳбат давомида унинг ҳамкасбига нисбатан даъвоси йўқлиги қайд этилди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 1-қисми қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ҳатти-ҳаракатлари ифодаланган жиноятни содир этган деб топилди ва 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.