Давлат хизматларини рақамлаштиришда шаффофликни ошириш ҳамда коррупция ва порахўрлик ҳолатларини камайтириш орқали давлат муассасаларига нисбатан ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ўзбекистонда блокчейн технологиясини жорий этиш ягона электрон ФҲДЁ тизимининг маълумотларини яхшилаш ва ҳимоя қилишда қандай имкониятлар яратади? Бу ҳақда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска фикр билдирдилар.

Ўзбекистонда хусусий ва давлат секторларини рақамлаштириш жараёни қизғин давом этмоқда. Мамлакат доирасида ва халқаро миқёсда ишлаб чиқилган кўплаб янги рақамли иловалар ва воситалар фуқароларга сиёсий йўналишни белгилаш жараёнида иштирок этиш, лицензиялар ва рухсатномалар олиш учун мурожаат қилиш, юридик маслаҳат олиш, шунингдек коррупция ва порахўрлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун самарали воситаларни тақдим этди.

Ўзбекистонда тахмин қилинган юқори даражадаги коррупция даражасини ҳисобга олган ҳолда, давлат муассасаларига бўлган ишончни мустаҳкамлашда рақамли инновациялар имкониятларидан, хусусан, блокчейн технологиясидан фойдаланиш муҳим ҳаётий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ФҲДЁ ягона электрон тизимига блокчейнни жорий этиш Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида татбиқ этилаётган «Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» (IPSD) лойиҳаси доирасида хавфсизликни кучайтириш ва давлат хизматларидан фойдаланишни тезлаштириш орқали фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлардан биридир.


Давлат хизматлари марказидаги ФҲДЁ бўлимининг 60 млн дона архив ҳужжатини рақамлаштириш жараёни, Тошкент. Фото: Ўзбекистондаги БМТТД.

Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган давлатида ушбу технологияни давлат муассасаларида пухта ўйланган ҳолда қўллаш аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, тенгсизликларни камайтириш ва миллий миқёсда Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш имконини беради. Халқаро тажрибани ўрганиш ва муваффақиятли мисолларни миллий шароитга мослаштириш орқали IPSD лойиҳаси Ўзбекистон давлат органларига блокчейн технологиясини тасдиқланган йўналишларда қўллаш ёрдамида олдинга «сакраш»га ёрдам беради.

Блокчаин нима ва у фуқароларни қўллаб-қувватлашда давлатга қандай ёрдам беради?

Оддий қилиб айтганда, блокчейн — бу маълумотлар хавфсиз тарзда сақланадиган маълумотлар базаси. Бунга ҳар бир янги ёзувни аввалгиси билан боғлаш орқали эришилади, натижада маълумотлар блоклардан ташкил топган занжир пайдо бўлади (инглиз тилида «block chain» — блоклар занжири) — номи ҳам шундан келиб чиққан. Жисмоний жиҳатдан, блокчейн маълумотлар базаси тақсимланади, бу ваколатли фойдаланувчиларга маълумотларни мустақил тарзда қўшиш имконини беради. Илгари сақланган маълумотларга ўзгартириш киритиш иложсиз, чунки бу ҳаракат занжирни узилишига олиб келади ва айнан шу «ўзгартира олмаслик» блокчейнни давлат маълумотлар базаларида рақамли ёзувларни сақлашнинг хавфсиз ва ишончли воситасига айлантиради.

Европа ҳудуди ва ундан ташқаридаги кўплаб мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ФҲДЁ (ЗАГС) тизимида, кейинчалик эса Давлат солиқ қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигида жорий этишни назарда тутган ҳолда, блокчейнни синовдан ўтказиш йўлга қўйилди. Ахборот хавфсизлигини ва унга бўлган ишончни таъминлаш Ўзбекистон фуқароларига янада бахтли ҳаёт кечиришларига кўмаклашишга қаратилган «2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича якунланган Миллий Ҳаракатлар стратегияси»нинг мақсадларини акс эттиради.

Электрон ФҲДЁдан фойдаланиш жараёни.

Блокчейннинг афзалликлари вақт ўтиши билан мустаҳкамланиб бориши ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларида аҳолининг турли қатламлари ўртасидаги тафовутлар ошмасдан, аксинча қисқариб бориши учун технологияни давлат хизматларини кўрсатиш тизимига жорий этилиши босқичма-босқич ва пухта ўйланган тарзда бўлиши керак. Бошқа хорижий давлатларда блокчейн қандай жорий этилганлиги юзасидан IPSD лойиҳаси олиб борган тадқиқоти ҳамда Белгия, Нидерландия ва Люксембургга ташкил этилган ўқув сафари натижасида олинган хулосалар Ўзбекистонда кучли ҳуқуқий ва сиёсий базани яратиш, зарур рақамли инфратузилмани ташкил этиш ва масъул давлат амалдорларининг рақамли кўникмалари ривожлантириш зарурлигини кўрсатади.

Блокчейн учун ҳуқуқий асос доимий инновациялар ва тажрибаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиши керак. БМТТД тадқиқотлари шуни кўрсатадики, блокчейнни давлат функцияларига киритиш турли соҳаларда қонуний ва тартибга солувчи талабларга риоя қилишни талаб қилади. Булар крипто активларини тартибга солиш, смарт-шартномаларни бажарилишини таъминлаш, рақамли идентификацияни тартибга солиш, маълумотларни ҳимоя қилиш, маълумотлар махфийлиги ва яхлитлигини ўз ичига олади. Давлат секторида бундай рақамли инновацияларни қўллаб-қувватловчи сиёсий муҳитни яратиш зарурати аллақачон «Рақамли Ўзбекистон 2030» стратегиясида белгиланган.

Ўзбекистонда ФҲДЁ учун блокчейн ечимини ишлаб чиқиш учун IТ-компания ёлланди. 2022 йилда керакли IТ-инфратузилма ўрнатилди, у аввалроқ сотиб олинган тармоқ сервер ускуналари билан такомиллаштирилди. Шунингдек, республика бўйлаб АКТ ходимлари учун ихтисослаштирилган тренинглар ташкил этилади.

Олдинги натижаларга асосан олинган билимлар

Ўзбекистон давлат хизматларига блокчейнни жорий қилиш учун пойдевор яратиш ва бошқа ҳукуматлар томонидан йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик учун халқаро, хусусан, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг тажрибасидан асосли фойдаланишни талаб қилди. 2021 йил ноябрь ойида IPSD лойиҳаси янги авлод электрон хизматлари ва электрон ҳукуматни яратиш доирасида блокчейн технологиясининг амалий қўлланилишини ўрганиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги (ҳозирги Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти), Адлия вазирлиги, АКТни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Давлат кадастри масъуллари иштирокида Белгия, Нидерландия ва Люксембургга ўқув сафарини ташкил қилди.

Люксембургда Ўзбекистон делегацияси давлат хизматларини янада шаффоф, ишончли ва самарали тақдим этиш йўлларини қўллашни назарда тутувчи TOKEN (The Changing Impact of Blockchain Technology on Public Services -- блокчейн технологиясининг давлат хизматларига ўзгарувчан таъсири) миллий лойиҳасини ўрганди ва натижалари билан танишди. Иштирокчилар, шунингдек, блокчейн қандай қилиб давлат идоралари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни яхшилагани, қоғозбозликни камайтиргани, жамоатчилик иштирокини оширгани, рақамли демократия ва шаффофликни мустаҳкамлагани ва автоматлаштиришни тарғиб қилгани ҳақида маълумот олди.

Голландиянинг Гронинген шаҳридаги Шимолий денгиз халқаро қабул маркази.

Блокчейнни қўллашдан ташқари, ўқув турнинг Голландия сегментида ҳукумат томонидан бошқа рақамли ечимлардан фойдаланиш ҳам кўриб чиқилди. Нидерландия муниципалитетлари миллий ассоциацияси (ВНГ) жамоатчилик майдонини шакллантиришда фуқаролик ташаббуслари учун интерактив веб-сайтларни яратишда «Опен Стад» каби рақамли платформалардан фойдаланган. Голландия фуқароларига ўз жамоаларида инфратузилмани яхшилаш имконини берувчи Гаага онлайн портали МижнДенҲааг билан бир қаторда ушбу платформа Ўзбекистонда ҳам қўллаш имкониятига эга.
Ўқув сафари натижалари ва олинган сабоқлар асосида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда давлат хизматлари соҳасини рақамлаштириш янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Давлат хизматларидаги камчиликларни бартараф этиш учун рақамли ечимлар

Ўзбекистон фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тизимига блокчейнни жорий этиш охирги икки йил давомида миллий устувор вазифа бўлиб келмоқда. Унинг қўлланилиши бутун мамлакат бўйлаб аҳоли, жумладан, қишлоқ жойларда яшовчи 15 миллион фуқаро ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (чекка ҳудудлардаги кексалар, ногиронлар, аёллар ва ёшлар) манфаати учун давлат хизматларини онлайн тақдим этишни ўзгартиришга кўмак беради.

Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури давлат хизматларига блокчейнни жорий этишдан ташқари, фуқаролар турмушини яхшилашга, хусусан, «ягона дарча» тамойилидан фойдаланган ҳолда янги Давлат хизматлари марказларини (ДХМ) ишга тушириш орқали кўмак бермоқда. Бу ташаббуслар Ўзбекистонда 2017 йилдан буён амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мақсадларини ўзида акс эттириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини биринчи навбатда аҳоли эҳтиёжларини қондиришга йўналтиришга қаратилган.

Тўғри татбиқ этилиши таъминланган ҳолда ва давлат бошқарувида амалга оширилаётган бошқа ўзгаришлар билан биргаликда, блокчейн Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун сезиларли фойда келтириши мумкин.