23 август куни Нукус шаҳрида «InnoWeek-2022» инновацион ишланмалар ҳудудий кўргазмаси давомида Нукус ёшлар технопарки очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновациялар миллий офисининг расмий саҳифасида хабар берилади.

Қорақалпоғистон пойтахтида бу турдаги марказнинг бапро этилиши президентнинг 6 июлдаги «Қорақалпоғистон Республикасида «Нукус технопарки» махсус саноат зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Марказни ташкил этиш ва унинг моддий техник базасини шакллантириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус жамғармалари ҳисобидан 8,9 млрд сўм маблағ йўналтирилди.

Технопарк 3Д принтерлар, пневматика ўқув стендлари, лазер кесгич, фрезер ишлов берувчи марказ, гидравлик лист букгич, элэктр пайвандлагич, лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари ва бошқа ускуналар билан жиҳозланган.

«Инноватор ёшларимизнинг ғояларини нолдан бошлаб прототип даражасига еткизгунга қадар ушбу технопарк ёрдам беради. Кичик ишлаб чиқариш зонаси орқали тайёр лойиҳа ғояларининг прототипларини бепул ишлаб чиқариш имконияти мавжуд», дейди технопарк раҳбари Рустам Мадриев.

Шунингдек, технопаркда кичик ёшдагилар учун робототехника, график дизайн, ментал арифметика, инглиз тили, нутқ маданияти бўйича ўқув курслари ташкил этилган.