Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг «Тинчлик» бекати кириш йўлагида иссиқ сув тошиб чиқди. Ҳолат юзасидан «Тошиссиққувати» матбуот хизмати муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 23 август куни «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ томонидан 2022−2023 йилларда иситиш мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш мақсадида 1-ИМ қозонхонасининг амал қилиш ҳудудида иссиқлик қувурларининг механик чидамлилиги ва зичлилиги (юқори босимда) синовдан ўтказилган.

Шу сабабли, синов жараёнида 3-ИМга уланган «Тинчлик» метро бекати яқинидаги иссиқлик тармоғида авария содир бўлган. Оқибатда, метрога тушиш йўлагида девордан иссиқ сув тошиб чиқиши кузатилган.

Корхонанинг Олмазор туман бошқармаси ходимлари томонидан махсус техникалар ёрдамида авария ҳолати юзага келган метронинг кириш йўлагида сув тошиши тўхтатилган. Шунингдек, компания ҳозирги пайтда аварияни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилаётганини қайд этиб, юзага келган ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўради.