️Германия тараққиёт банки (KfW) Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун маблағ ажратиши маълум бўлди. Банкнинг расмий сайтида «Рақамлаштириш ислоҳотлари орқали соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш: Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш» сарлавҳали мақолада келтирилишича, инвестицияларнинг умумий миқдори 61,8 млн еврони ташкил этади.

Бунга эътибор қаратган «Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, сармояларнинг 45 миллион евро қисми тармоқни рақамлаштиришга, 5,5 миллион евро миқдори эса грантлар учун ажратилади.

«Бу орқали Ўзбекистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга доир рақамли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган, — дейилади материалда. — Ушбу ҳамкорлик рақамли маълумотларни қайта ишлаш учун миллий соғлиқни сақлаш платформасини жорий этишга қаратилган.»

Шунингдек, 2030 йилгача амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳа соғлиқни сақлашни бошқаришнинг рақамли инфратузилмаси ва унинг маъмурий жараёнларини оптималлаштиришни кўзда тутади.

Ундан тиббиёт ходимларини ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш, беморларнинг электрон базасини яратиш, диагностика ва даволаш жараёнларини жадаллаштириш каби устувор мақсадлар ҳам ўрин олган.

Ўз навбатида, тиббий асбобларга техник хизмат кўрсатишни яхшилашга доир маълумотлар базаси рақамлаштирилиши ҳам режалаштирилган.