2022 йилнинг баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 127 млндан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Бироқ, 7 апрелдаги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳа доирасида кўзбўямачиликлар давом этаётганини танқид қилганди. Жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатларни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари борлиги айтилганди. «Айрим ҳудудларда ҳали ҳам ишлар номигагина ташкил этилиб, кўзбўямачилик давом этаётгани тўғрисида менда маълумотлар етарли», — деганди президент.

Июнь охирларида Ҳисоб палатаси «Яшил макон» лойиҳасидаги кўчат экиш ҳисоботларида 6,2 млн кўчат қўшиб ёзилгани, 2,4 млн тупи қуриб қолгани, шунингдек, суғориш ва парвариш ишлари яхши ташкил этилмаганини аниқлади.

Шундан сўнг, Давлат экология қўмитаси ушбу муддат ичида масъул ташкилотларга дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича 10 577 та мажбурий кўрсатмалар берилганини очиқлади. Кўрсатма талабларини лозим даражада бажармаган 109 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 311 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Дарахтларни экиш ва парваришлашдаги муаммо қандай ҳал этилади?

Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси 22 августдаги [464-сонли] қарор билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Унда дарахт ва буталарни экиш, суғориш, дорилаш ва парваришлашни ташкилотларга бириктириб қўйиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Дарахтлар уларнинг турлари, иқлим шароитига мослашувчанлиги, ерости сувларининг яқинлиги, ернинг шўрланиш даражаси, суғориш тизими мавжудлигига қараб экилади. Бунда экиш учун жой танлашда дарахтлар ва буталарнинг биоэкологик хусусиятлари, тупроқнинг унумдорлиги, қурғоқчиликка чидамлилиги, қуёшли ва соя жойларга мослашувчанлиги эътиборга олинади.

Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 кв. метрдан (5 сотих) ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкаси умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди. Эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ҳамда маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно.

Дарахт ва буталарни экиш учун жой танлаш ва экишда қуйидагилар масъул бўлади:

  • Аҳоли пунктларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, МФЙ ва кўп қаватли уйларни бошқариш органлари;
  • Ташкилотларда — ер эгалари;
  • Маҳаллий ҳокимиятларга бириктирилган йўл ва кўчалар бўйларида — ҳокимиятлар;
  • Умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва автомобиль йўллари бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси;
  • Табиий ва сунъий сув оқимлари, сув ҳафзалари ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларида — ҳокимиятлар, сув хўжалиги органлари;
  • Фермер хўжаликлари ерларида — ер эгалари;
  • Захира ерларда — маҳаллий ҳокимиятлар.

Кўчак экиш ишлари асосан баҳор ва кузда, об-ҳаво шароити ҳамда экишнинг агротехник қоидаларига риоя қилган ҳолда, қолаверса, эҳтиёждан келиб чиқиб, бошқа фаслларда ҳам экиш мумкин.

Туман ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўкаламзорлаштириш учун экиладиган кўчатларнинг ёши 5 йилдан кам бўлиши ва уларни суғориш тизими йўқ ерларга экиш тақиқланади.

Дарахт ва буталарни суғориш ва озиқлантириш

Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда ҳудудлар бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимият органлари, шунингдек, фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар масъул ҳисобланади.

Йўллар бўйида экилган кўчатларни Автомобиль йўллари қўмитаси, темир йўллар атрофидагиларни эса «Ўзбекистон темир йўллари» суғориш ва озиқлантиришга жавобгар бўлади.

Дарахтларни буташ ишлари ҳам ҳудудларга бириктирилган масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Дарахт ва буталарни махсус ишчи гуруҳлар жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказади, рақамлайди ва маълумотни «Яшил макон» платформасига киритади.

Хатловни ўтказишда 100 ёшдан ошган дарахтлар аниқланганда уларни табиат ёдгорликлари сифатида муҳофазага олиш учун алоҳида реестр юритилади. Ушбу дарахтларни табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган дарахтларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер эгалари билан бирга ушбу дарахтларнинг атрофи танасидан бир метрдан кам бўлмаган масофада ва баландлиги 1,2 метр бўлган металл панжара билан ўралишини таъминлайди.

Мазкур дарахтлар тўғрисидаги давлат тили, рус ва инглиз тилларида — унинг номи, ёши, реестр рақами, жойлашган манзили қайд этилган ёрлиқ металл панжарага осиб қўйилади.

Дарахтларни бириктириш

Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари шаҳарлар ва бошқа аҳоли яшаш пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари хатловдан ўтказилишини ташкил этади.

Хатлов натижасига кўра, ер участкаларини давлат орган ва ташкилотлари, МФЙлар, кўп квартирали уйлар мулкдорларига ажратиб бериш юзасидан таклифни маҳаллий ҳокимиятга киритади. Таклифга дарахт жойлашган жой харитаси, тегишли қарор лойиҳаси ва фотосуратлар илова қилинади.

Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш, «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, улар ҳудудларида дарахтларни экиш, сақлаш ва парваришлар ишларига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда ишсиз шахслар — ҳар бир маҳалладан камида биттадан фуқаро жалб қилиниши мумкин. Уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу ишлар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бирга амалга оширилади.

Дарахтларни бириктириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан ажратилаётган ташкилотга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда берилади.

Бунда дарахтларни бириктириш юридик шахс розилиги асосида Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан кенг тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиши орқали амалга оширилади. Бириктирилган дарахтлар бўйича эса реестрдан электрон кўчирмалар тақдим этилади. Кўчирма Экоқўмита вакили ва ташкилот раҳбари ўртасида имзоланади.

Аввалроқ, мазкур қарор билан ноқонуний кесилган дарахт ўрнига компенсация тарзида дарахт экиш жаримадан озод қилмаслиги белгилангани ҳақида ёзгандик.