Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида 2021 йилнинг куз ва жорий йилнинг баҳор мавсумида жами 213 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказиган матбуот андуманида Давлат экология қўмитаси вакиллари маълум қилди.

Шундан 86 млн туп манзарали, мевали дарахт ва буталар 2021 йил кузида экилган бўлса, 127 млн дона кўчат жорий йилнинг баҳор мавсумида ўтқазилган.

Масъул ташкилотларга дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича 10 577 та мажбурий кўрсатмалар берилган. Кўрсатма талабларини лозим даражада бажармаган 109 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 311 млн сўм (ҳар бирига ўртача 2,8 млн сўм) миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Республикадаги йирик, ўрта ва кичик маҳаллаларда жами 70 млн 800 минг дона, умумий автомобил йўллари ёқаларига 72 млн 500 минг дона терак кўчат ва қаламчалари экилди. Суғориш тизимини яхшилаш бўйича 238 та қудуқлар қазилди. Дарахт ва буталарни суғориш, парвариш ва муҳофаза қилиш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга бириктирилди.

Бундан ташқари, туман (шаҳар)ларда мавжуд 740 та сув ташиш автотранспортлари кўчатларни суғориш ишларига жалб этилди.

Таъкидланишича, аҳоли пунктларида «яшил боғлар», дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, қайта тиклаш ва парвариш қилиш ишларини самарали амалга ошириш ҳамда суғориш тизими билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда, суғориш тизимини ташкил этиш, мавжуд суғориш тизимларини таъмирлаш ва сув ташиш автотранспортларини кўчатларни суғориш ишларига доимий равишда жалб этиш керак.

Экилган кўчатларни парвариш қилиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 9349 та маҳаллалардаги шаклланган «Дафтар"ларга киритилган ва бошқа ишсиз фуқароларни жалб қилиб, масъул шахсларни бириктириш ҳамда уларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўлаб боришни ташкиллаштириш лозим.

Дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлари ажратилишини таъминлаш талаб этилади.

Экилган дарахт кўчатларини пайҳон қилинишини олдини олиш ва чорва молларидан асраш керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳисоб палатаси «Яшил макон» лойиҳасидаги кўчат экиш ҳисоботларида 6,2 млн кўчат қўшиб ёзилгани, 3,4 млн дона кўчатлар дарахт ва кўчатлар суғориш тизими бўлмаган жойларга экилгани, 2,4 млн тупи қуриб қолганини аниқлаганди.

Президент 2021 йилнинг ноябрь ойида умуммиллий «Яшил макон» лойиҳасига старт бериб, унинг доирасида 200 млн дона кўчат экиш режалаштирилган эди. Ўтган йилнинг кузида 85 млн туп кўчат экилган бўлса, баҳорга 125 млн туп кўчат ўтқазиш белгиланганди. Давлат раҳбари кўчат экишда қўшиб ёзиш ҳолатларини бир неча бор танқид қилганди.

Апрель ойида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска кўчат экишда комплекс парваришлаш ва бошқаришсиз дарахтлар тақдирини олдиндан айтиб бўлмаслигини, шунинг учун экишнинг техник-иқтисодий асосланиши ва лойиҳа иштирокчиларининг янада мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидлаганди.

Июнь ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТТД ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасининг „Яшил макон“ ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича бош режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» қўшма лойиҳасини ишга туширди.