22 август куни ҳукуматнинг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги [464-сон] қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ҳужжат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришни назарда тутади.

Қарорга мувофиқ, дарахт ва буталарни компенсация тарзида экиш дарахтларни кесиш учун рухсатнома бериш учун йиғимни ёки уларни ноқонуний кесганлик учун жарималарни тўлашдан озод қилмайди.

Компенсациявий экиш жойлари «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари», ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган бошқа ҳудудлардан танланади.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамдан улардан фойдаланиш тартиби қуйидагиларни назарда тутади:

  • дарахт ва буталарни экиш учун жой танлаш, уларни экиш, суғориш, озиқлантириш ва буташ;
  • зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга кимёвий ва биологик ишлов бериш;
  • дарахтлар ва буталарни хатловдан ўтказиш,бириктириш, кўчириб ўтказиш, кесиш ва компенсациявий экиш;
  • дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлаш туфайли етказилган зарарни ундириш.

2022 йил 31 декабргача қаровсиз қолган дарахтлар хатловдан ўтказилади ва яқин ҳудуддаги мулкдорларга бириктирилади.

Ҳокимликлар томонидан 1 сентябргача кузги ва 1 февралгача баҳорги кўчат экиш ҳажмлари бўйича манзилли дастур тасдиқланади.

Дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача маблағ ажратилади.

Қарор билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда дарахтлар ва буталарни экиш учун жойлар танлаш, уларни экиш, суғориш, озиқлантириш ва буталаш тартиби белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошидан президент фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесганлик учун жарималар миқдорини ошириш ҳамда ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чорасини белгилаш таклиф қилинаётгани хабар берилган эди. Хусусан, бундай ҳолатда фуқаролар БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача (3−4,5 млн сўм), мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 20 бараваригача (6 млн сўм) жарима белгилаш кўзда тутилган.