Президентнинг 2022 йил 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ -232-сон] қарорига мувофиқ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда ДСҚ ҳамкорлигида «Кешбэк» тизимига туширилади. Бу ҳафда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тизимга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида «Саёҳат қил ва кешбэк ишла» шиори асосида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширган мамлакат фуқароларига харажатларининг бир қисми қайтариб берилади.

«Саёҳат учун кешбэк» платформаси қуйидаги тартибда созланади:

  1. Soliq.uz мобил иловаси юклаб олиниб, FaceID орқали шахсни тасдиқлаш амалга оширилади;
  2. саёҳат йўналишини ва бошланиш санасини танлаш ва кешбэкларни йиғиш учун фискал чекларни сканерлаш орқали авиа, темир йўл ёки автобус билетларини иловага киритиш лозим;
  3. саёҳатдан сўнг «Саёҳатни тугатиш» тугмасини босиш ва йиғилган кешбэк суммаларини шахсий маҳаллий банк пластик картасига ўтказиш мумкин.

кешбэк тизими Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобил иловаси билан интеграция қилинган бўлиб, харажатлар ҳаққонийлиги мобил илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

  • авиа, темир йўл ва автобусдан фойдаланиш;
  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади.