Ҳукуматнинг «2022−2026 йилларда Ўзбекистонда ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш бўйича Миллий Ҳаракатлар Стратегияси ва уни амалга ошириш дастури тўғрисида»ги қарори жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Ҳужжат Ўзбекистонда ҳар бир ўсмирнинг соғлиғига бўлган ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш ва барча босқичларда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун шарт-шароит яратишни назарда тутади.

Қарор лойиҳасида Ўзбекистонда ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш бўйича Миллий Ҳаракатлар Стратегиясининг қуйидаги муҳим йўналишлари кўрсатиб ўтилган:

  • бирламчи ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш орқали ўсмирларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган, тўлиқ молиялаштирилган соғлиқни сақлаш тизимига ўтишга кўмаклашиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича салоҳиятини кучайтириш ва турли вазирлик ва ташкилотлар эътиборини ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигига қаратиш;
  • профилактик тадбирлар, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар асосида ёшлар ривожланишидаги устивор вазифаларни белгилаш орқали мактаб саломатлиги дастурларини амалга оширишда инвестицияларни жалб қилиш;
  • ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашда маҳалланинг асосий субъект сифатидаги ролини кучайтириш;
  • мониторинг, баҳолаш, масъулиятни кучайтириш, етакчилик ва тадқиқот жараёнларида маълумотларни йиғиш ҳамда таҳлил қилишнинг қатъий тартибларини ўрнатиш орқали такомиллаштириш.

Стратегия барча тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди вакиллари ҳамда бевосита ўсмирлар иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистонда ўсмирларнинг соғлом бўлиши, тўғри ривожланиши ва жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиш салоҳиятига эга бўлишини таъминлашга йўналтирилган.

Ҳужжат манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан, шунингдек, донорлар ҳисобидан ўсмирлар саломатлигини сақлашга ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлашни хисобга олган ҳолда, энг устувор вазифаларни қамраб олган тадбирлар мажмуидир.

Стратегияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида қуйидаги бешта устувор йўналишлар белгиланган:

  • соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
  • экологик барқарорликка ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга эришиш;
  • ўсмирларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш ва тенгдошлари, ота-оналари ва жамият аъзолари билан соғлом муносабатларни ўрнатиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини янада мустаҳкамлаш орқали тиббий ёрдам сифатини ошириш;
  • истиқболли келажакни яратиш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш.

Стратегия инсон ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқлари тамойилларига асосланади ҳамда барча ўсмирлар саломатлигининг энг юқори халқаро стандартларига эришиш ҳуқуқига урғу беради.

2023 йилдан бошлаб доимий равишда 10−15 ёшдаги ўсмирлар ўртасида микронутриент (инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари, витаминлар) етишмовчилигини олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқариш ва амалга ошириш мактаблар ва тиббиёт муассасалари негизида ўсмирлар ўртасида дегельминтация (гельминтларни барча ривожланиш фазаларида йўқотишга қаратилган даволаш-профилактика тадбирлари мажмуи) дастурлари жорий этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан мактаблар ва уларнинг атрофида шакарли, газланган ва энергетик ичимликлар, шунингдек тез тайёрланадиган таомлар савдоси устидан назорат кучайтирилиб, 500 метр атрофидаги ҳудудларда уларнинг савдоси тақиқланади.

Лойиҳада 2023/2024 йил ўқув йилидан бошлаб тиббиёт таълими тизимида ўсмирларнинг овқатланиши бўйича ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, рационал овқатланишига оид мавзуларни киритиш таклиф этилмоқда.

2022 йил якунига қадар аналитик хат ва молиявий имкониятлар асосида умумтаълим мактабларини, биринчи навбатда, чекка аҳоли пунктларида жойлашган мактабларни мактаб автобуслари билан таъминлаш назарда тутилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022 йилдан бошлаб ўсмирлар ўртасида психофаол моддаларни, тамаки, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни аниқлаш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида тақдиқод ўтқазиш, таҳлил қилиш ва тавсияларни ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

2023 йилдан бошлаб зўравонликка учраган ўсмирларни аниқлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва уларга ҳар томонлама тиббий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш ва жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб барча турдаги васийлик ва ҳомийлик муассасаларидан, республика таълим муассасаларидан, тарбия колонияларидан чиқиб кетаётган ўсмирлар ва ёшларнинг реинтеграциялашуви кўмаклашилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилдан бошлаб туман миқёсида педиатрия, гастроентерология, гинекология, урология, токсикология ва психиатрия соҳаларида фаолият юритувчи барча тиббиёт мутахассислари, ўсмирлар саломатлиги марказлари ходимлари ва оилавий шифокорлар учун ўсмирлар маслаҳати асослари бўйича ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш белгиланмоқда.

Лойиҳа муҳокамаси 30 августга қадар давом этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда қарийб икки йилдан бери ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Мутахассислар эса «бу вақтда йўл-транспорт ҳодисаларида болалар ўлими ҳамда қиз ва ўғил болалар орасида суицид чидаб бўлмас даражада юқорилигича қолаётгани, бу шошилинч комплекс чоралар кўришни талаб этишини» таъкидлаган эди.