Қорақалпоғистонда июль ойи бошидаги воқеаларни тергов қилиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қилаётган омбудсман Феруза Эшматованинг офиси биринчи марта ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

16 август куни Феруза Эшматова Нукус воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан учрашди.

«Қорақалпоғистондаги воқеа ва ҳолатлар бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида адвокатларнинг фикрлари ўрганилди. Хусусан, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинди», — дейилади омбудсман офисининг 17 августдаги хабарида.

Аввалроқ, комиссия аъзолари намойишлар пайтида қўлга олинган шахсларга ҳимояланиш ҳуқуқининг таъминланганлик ҳолатини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатасининг ҚР ҳудудий бошқармаси вакиллари билан учрашишганди.

Шунингдек, тергов хоналарининг видео кузатув камералари билан таъминланганлиги ва адвокатларнинг видеоёзувларни сўраб олиш ҳуқуқидан фойдаланганликлари бўйича маълумот олинди.

Шу куннинг ўзида комиссия штабига келган 20 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари қабул қилинди.

«Газета.uz» июль охирида Нукусдан тайёрлаган репортажида ҳибсга олинганлар қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги, шу жумладан, уларнинг айримлари вафот этганлиги ҳақида ёзганди.

Комиссия аъзоси (Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси) Алишер Қодиров «Газета.uz» репортажини ёлғон деб баёнот берганди. Шунга қарамасдан, у бир неча бор комиссия хулосаси эълон қилинмагунча изоҳ бера олмаслигини таъкидлаганди.

17 август куни у «Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ» дея айтди. «Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. Қолган қисм билан тергов якунланмади», — дея қўшимча қилди депутат.