Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

У 23 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тайинланган Эркабой Тажиев ўрнини эгаллади.

Салом Самадов 1963 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1990 йилда Харьков юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1990 йилда Бухоро вилояти Ф.Хўжаев туман прокуратурасида бошлаб, Бухоро ва Навоий вилоятлари прокуратуралари органларида турли лавозимларда, 2005 йилдан бошлаб, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари, Хатирчи ва Кармана туманлари прокурори, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти прокурори, Ўзбекистон Республикаси президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Самадов 2018 йил октябрь ойидан буён Тошкент вилояти прокурори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.