Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли UNG Petro автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 русумли бензини йўқлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Компания бу хабарларни асоссиз деб атади.

«„Ўзбекнефтгаз“ АЖнинг Тошкент шаҳри ва вилоятига қарашли АЁҚШларда 1 литр АИ-80 русумли автобензин нархи 6800 сўмдан сотилаётгани ва етишмовчилик кузатилмаётгани борасида расман маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» истеъмолчилар томонидан Ўзбекистонда энг оммабоп бензин маркасига бўлган талаб ортиб бораётганини қайд этди. Июнь ойида ўртача бир кунда 529 тонна сотилган бўлса, июль ойига келиб ўртача бир кунда 611 тонна ёки 82 тоннага талаб ошди. Август ойида эса талаб янада ошиб бораётгани кузатилмоқда, дея қайд этди холдинг.

Хабарда истеъмолчиларнинг 65 фоиз эҳтиёжини «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқилган бензин ҳисобидан, қолгани бошқа ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар томонидан қопланиши қайд этилди. Айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини бензин ишлаб чиқариш ускуналари 110 фоиз қувватда ишламоқда.

АИ-80 бензини январдан 15 июлгача фонд биржасида 10,9 фоизга — 8,1 млн сўмдан 8,99 млн сўмга қимматлашгани ҳақида хабар бергандик, бироқ бугунги кунда нархлар 7,88 млн сўмга тушган. «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларида чакана нарх литри учун 6800 сўм даражасида қолмоқда, бироқ хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларида 7000 сўмдан 8600 сўмгача бўлган нархларда сотилган. Компания импорт қилувчилар юқори октанли бензинни камроқ импорт қила бошлаганлиги сабабли АИ-80 га талаб ортганини маълум қилди.

Ушбу вазият фонида ҳукумат 15 июлдан бензин ва дизел ёқилғиси экспортини тўхтатишга қарор қилди.